«Адолат» МҲАМ ва ЮНИСЕФ: бола ҳуқуқларига оид ахборотни етказишда янгича ёндашув
2026-02-06 09:45:00 / Вазирлик янгиликлари

🔹 Бугун, «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот марказида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рексина Мария Кастижио иштирокида муҳим ҳамкорлик учрашуви ташкил этилди.
🔹 Учрашув давомида томонлар мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва болалар учун одил судлов тизимини халқаро стандартлар даражасида ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилишди.
Учрашувда асосан болаларга оид ҳуқуқий ахборотни етказишнинг мутлақо янги ва замонавий механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Рексина Кастижио хоним ҳуқуқий ҳужжатларнинг «бола тилига» мослаштирилган талқинларини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолаб, бу йўналишда ЮНИСЕФнинг методик ва амалий ёрдами давом этишини таъкидлади.
Учрашув давомида томонлар нафақат рақамли лойиҳалар, балки жамиятда болалар манфаатларини ҳимоя қилишнинг кенг кўламли масалаларига ҳам тўхталиб ўтишди.
Жумладан, ота-оналар ва ўқитувчилар учун мўлжалланган ҳуқуқий ресурсларни бойитиш, зўравонликдан ҳимояланиш бўйича болаларнинг хабардорлигини ошириш ва туманлар кесимида болаларга хизмат кўрсатувчи муассасалар ҳақидаги маълумотларни очиқлаш стратегик вазифа сифатида белгиланди.
🔹 Тадбир якунида «Адолат» МҲАМ ва ЮНИСЕФ ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, келгусида қўшма «Йўл харитаси» асосида тизимли ишларни давом эттириш ва белгиланган барча техник ҳамда ижтимоий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишувга эришилди.
🔹 Мазкур учрашув Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янги сифат босқичига олиб чиқишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.






