“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: қонун устуворлиги ва рақамли давлат бошқаруви муҳокамада
2026-01-14 18:00:00 / Вазирлик янгиликлари

🔹 Бугун “Тараққиёт стратегияси” марказида такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналиши бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.
🔸 Тадбирда Адлия вазирлиги, Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
🔹 Такидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини бугунги реал шароит, янги устувор вазифалар ва аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш зарурлиги алоҳида қайд этилган.
🔹 Матбуот анжуманида стратегия лойиҳасида давлат бошқаруви ва давлат хизматлари соҳасини тўлиқ рақамлаштириш орқали самарадорликни ошириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва аҳолига қулайлик яратишга қаратилган муҳим вазифалар белгиланганлиги маълум қилинди.
📌 Хусусан:
▪️ Давлат хизматларини проактив ва композит шаклда кўрсатиш сонини камида 400 тага етказиш;
▪️ 100 дан ортиқ давлат хизматлари муддатларини 50 фоизга қисқартириш;
▪️ 500 га яқин хизматлар тартиб-таомилларини соддалаштириш;
▪️ 110 дан ортиқ ҳужжат ва маълумотларни талаб қилишни тўлиқ бекор қилиш;
▪️ Маҳаллий ҳокимиятларда “бюрократия – нол” тамойилини тўлиқ жорий этиш режалаштирилган.
🔸 Матбуот анжумани якунида масъуллар журналистларнинг саволларига батафсил жавоб бериб, такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси халқчил, очиқ ва аниқ натижаларга йўналтирилган ҳужжат бўлишини таъкидладилар.






