Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасида малакали кадрлар сони ошади
2025-12-23 17:30:00 / Вазирлик янгиликлари
Ўзбекистонда таълим ва кадрлар тайёрлаш йўналишида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ–358-сон қарорига мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Миллий университетида, шунингдек 2029/2030 ўқув йилига қадар интеллектуал мулк соҳаси бўйича камида тўртта олий таълим муассасасида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, Тошкент давлат юридик университетида интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича замонавий таълим дастурлари жорий этилади. Ўқув жараёнига Буюк Британия, Корея Республикаси, Сингапур ва Хитой давлатларининг интеллектуал мулкни бошқариш соҳасидаги етакчи экспертлари, шунингдек хорижий ва маҳаллий патент вакиллари кенг жалб этилади.
Шу билан бирга, истиқболли кадрларни тайёрлаш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси Адлия вазирлигининг таклифларига мувофиқ, етакчи хорижий олий таълим муассасаларида интеллектуал мулк объектларини бошқариш соҳасида мутахассислар тайёрлаш учун ҳар йили алоҳида квоталар ажратиб боради.
Мазкур ташаббуслар натижасида 2027 йилгача интеллектуал мулк объектларини самарали бошқариш, уларни тижоратлаштириш ҳамда инновацион иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қиладиган 200 нафар юқори малакали мутахассисни тайёрлаш режалаштирилган.
