“9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди
2025-12-09 15:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Бугун “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан Адлия вазирлигида вазирлик марказий аппарати ва вазирлик тизимида фаолият юритувчи 120 нафардан ортиқ ходимлар иштирокида тадбир ўтказилди.
Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Н.Машарипова томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, давлат хизматчиларининг манфаатлар тўқнашуви, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши масалаларига юзасидан тақдимот қилиниб, иштирокчилар билан савол-жавоб тарзида маъруза қилинди.
Иштирокчиларга коррупсиявий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилиб, жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган шахснинг оила аъзоларидан узилиб қолганлиги ва фарзандларининг қийналиши акс этган видеоролик намойиш этилди.
Шунингдек, масъуллар томонидан вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ички идоравий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниш ҳолати, вазирлик ҳузуридаги муассасаларда коррупцияга қарши курашиш сиёсатида белгиланган талаблар тўғрисида маъруза қилинди.







