Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида Нидерландия Қироллигининг илғор тажрибаси ўрганилмоқда.
2025-11-27 12:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Адлия вазири ўринбосари Н.Мухаммадиев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Нидерландия Ички ишлар ва Қироллик муносабатлари вазирлиги, “Digi Campus” маркази, Рақамли ҳукумат хизмати ҳамда Касб ва инновация агентлигининг раҳбарияти ва масъул шахслари билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда давлат бошқарувида рақамли технологияларни жорий этиш, давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини оптималлаштириш, булутли технологияларни ривожлантириш, сунъий интеллектга асосланган ечимларни татбиқ этиш, шунингдек, давлат хизматларини аутсорсинг асосида ташкил этиш борасидаги илғор тажрибалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Нидерландиянинг давлат, бизнес ва илмий муассасалар ўртасида ҳамкорлик асосида янги рақамли ечимларни яратиш ҳамда уларни синовдан ўтказиш жараёнларини ташкил этишдаги муҳим тажрибаси алоҳида эътироф этилди.
Учрашувларда томонлар давлат хизматларини рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда тажриба алмашишни давом эттиришга келишиб олинди.
Ушбу хизмат сафари Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган Адлия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури билан биргаликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида ташкил қилинмоқда.




