"Мадад-2" лойиҳасига старт берилди
2025-11-17 12:45:00 / Вазирлик янгиликлари

✅Бугун Адлия вазирлиги биносида "Мадад" лойиҳасининг иккинчи босқичининг рамзий очилиш маросими бўлиб ўтди.
"Мадад” бу тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган, аммо унга етарлича куч ва имкон топа олмаётган инсонларни ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан йўлга қўйилган лойиҳа.
✅Лойиҳанинг биринчи босқичи Денов туманида муваффақиятли амалга оширилган эди. Лойиҳа қаҳрамони Дилором Йўлдошева bugungi кунда 60 дан ортиқ шогирдига эга тадбиркор, “Мардлик” ордени соҳибаси, ББCнинг "100 илҳомлантирувчи аёл" рўйхатига киритилган ўзбек аёли – бунинг яққол натижасидир.
✅Эндиликда ушбу эзгу лойиҳа республикамизнинг энг олис ҳудудларидан бўлган Денов туманининг “Сурхондиёр” ҳамда Қўшработ туманининг “Навкат” маҳаллаларида давом эттирилади.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида 200 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳамда аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш кўзда тутилган. Лойиҳа давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида, маҳалла драйверидан келиб чиқиб, "Ёрдам эмас, имконият" ёки "Кичик ташаббусдан катта даромадгача" шиори остида тадбиркорликни йўлга қўйиш майдончаси — "Фаровонлик маркази" қурилади.
Марказ негизида инсонларни ўзаро бирлаштирувчи кооператив - аралаш ишлаб чиқариш матлубот кооперативи ташкил этиш мақсад қилинган.
✅ Тадбир якунида лойиҳани биргаликда амалга ошириш учун Адлия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шу билан биргаликда, тадбирда лойиҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор тадбиркорлар ҳам иштирок этди.







