ФА вице-президенти Шаҳло Турдиқулова Жаҳон Фанлар академияси (ТWАС) академиги дипломини қабул қилди
2025-10-01 10:45:00 / Янгиликлар

2025 йил 29 сентябрдан 2 октябрга қадар Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида Жаҳон Фанлар Академияси (ТWАС)нинг навбатдаги Бош конференцияси бўлиб ўтмоқда. Бу йилги конференция кун тартибида соғлиқни сақлаш, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш ва инновациялар каби долзарб мавзулар муҳокама қилинмоқда.
Жорий йил бошида Жаҳон Фанлар Академияси академиги этиб сайланган (https://twas.org/directory/turdikulova-shahlo) Ўзбекистон Фанлар Академияси вице-президенти, профессор Шаҳло Турдиқуловага мазкур конференцияда тантанали равишда расмий диплом топширилди.
Маълумот ўрнида: ТWАС — 1983 йили ташкил этилган нуфузли халқаро академия бўлиб, дунё бўйлаб энг йирик ва таниқли олимларни бирлаштиради. Академияда 100 дан ортиқ мамлакатдан 1 400 дан зиёд етакчи олимлар бўлиб, таркибида Нобел мукофоти соҳиблари ҳамда турли соҳаларда улкан ютуқларга эришган етакчи олимлар фаолият юритади.
