Ҳар бир мурожаат — эътиборда, ҳар бир муаммо — назоратда
2026-09-22 13:35:00 / Новости

Фуқароларнинг мурожаатларини бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш, аҳолини қийнаётган муаммоларга амалий ечим топиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида Қува туманида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шу мақсадда Қува тумани ҳокими Халимжон Умаров томонидан Сойгузар маҳалласида жисмоний ва юридик шахслар иштирокида сайёр қабул ўтказилди.
Қабул давомида фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг турли масалалар бўйича мурожаат ва таклифлари бевосита эшитилди. Мурожаатларда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилма, бандлик, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан таклифлар билдирилди.
Ҳар бир мурожаат масъул ташкилотлар ва мутасаддилар иштирокида атрофлича ўрганилиб, уларнинг қонунийлиги ва амалий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этиш чоралари белгилаб берилди.
Қабул жараёнида айрим мурожаатлар бўйича жойида тушунтириш ва амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар масъулларга бириктирилди. Уларнинг ижроси юзасидан аниқ муддатлар белгиланиб, назоратга олинди.
Туман раҳбари масъулларга аҳоли мурожаатларига бефарқ бўлмаслик, ҳар бир масалани чуқур ўрганиш, муаммоларни ортиқча оворагарчилик ва сансалорликка йўл қўймаган ҳолда ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар берди.
Бундай сайёр қабулларнинг мунтазам ўтказилиши аҳоли ва тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш, мавжуд муаммоларни эрта аниқлаш ва уларни жойида ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.





