Нурота туманида солиқ ва бюджет қонунчилигидаги янгиликлар бўйича ўқув-семинар ўтказилмоқда
2026-01-09 10:35:00 / Новости

Ушбу ўқув-семинарда туманда фаолият юритаётган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг бош ҳисобчилари, шунингдек тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқда. Тадбирнинг асосий мақсади солиқ қонунчилигига киритилган янгиликлар, бюджет тўловлари тартибидаги ўзгаришлар, солиқ имтиёзлари ва улардан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан иштирокчиларга батафсил тушунчалар беришдан иборат.
Семинар давомида туман давлат солиқ инспекцияси раҳбар ва мутахассислари томонидан солиқ ҳисоботларини тўғри юритиш, ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиш масалалари кенг ёритиб берилмоқда. Амалий мисоллар асосида олиб борилаётган тушунтиришлар иштирокчилар учун айниқса фойдали бўлмоқда.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда солиқ интизомини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.
Мазкур ўқув-семинар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ва молиявий саводхонлигини ошириш, солиқ соҳасидаги қонунчиликдаги ўзгаришларни ўз вақтида етказиш ҳамда давлат органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.



