Бешариқда экспорт салоҳияти юксалмоқда: “VALLEY FOOD” хорижий корхонаси фаолияти билан танишилди
2026-06-26 09:05:00 / Новости
Бугун Бешариқ тумани ҳокими Илёсбек Новиков туманнинг Бахмал маҳалласи ҳудудида фаолият юритаётган “VALLEY FOOD” МЧЖ хорижий корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, экспорт кўрсаткичлари ҳамда келгусидаги режалар билан яқиндан танишди.
Корхонада мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қуритиш ва экспортга тайёрлаш ишлари замонавий технологиялар асосида йўлга қўйилган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича 1,3 миллион АҚШ долларилик қуритилган ва қайта ишланган мева маҳсулотлари хорижий давлатларга экспорт қилинди.
Масъулларнинг таъкидлашича, йил якунига қадар экспорт ҳажмини 3 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Бу эса нафақат экспорт салоҳиятини ошириш, балки янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
🖇Ташриф давомида туман ҳокими ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, экспорт географиясини ошириш ҳамда маҳсулот сифатини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш юзасидан масъуллар билан фикр алмашди.
Бешариқда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ишлар изчил давом этмоқда.








