Электромобиллардан фойдаланишнинг афзалликлари
2024-10-08 18:30:00 / Министрлик
Бугунги кунда юртимизда электр транспорт воситалари сони ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 декабрдаги “Электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, электромобиллардан фойдаланиш борасида қатор имтиёзлар берилган.
Электромобиллардан фойдаланиш атроф-муҳит учун бир қанча афзалликларга эга. Хусусан, бир йил давомида фойдаланилган битта электромобил ўртача 1500 кг (CО2) карбонанд ангидрид билан атмосфера ҳавосини ифлосланишининг олдини олади.
Мазкур транспорт воситалари нафақат тежамкор, балки чиқиндиларни камайтириш ва шаҳарлардаги ҳаво сифатини яхшилашга сезиларли ёрдам беради. Электр транспорт воситалари чиқинди газларини ишлаб чиқармайди, бу эса карбонат ангидрид (CО2), азот оксиди (NOx) ва заррачалар (PM) каби ҳавони ифлослантирувчи моддалар даражасини бевосита камайтиради.
Таққослаш учун, ҳар бир бензин ёқилғисида ҳаракатланадиган автомобил 15 минг км масофани босиб ўтганда атмосферага 3 тоннагача карбонат ангидрид гази, 93 кг углеводородлар, 0,5 тонна углерод оксиди, 30 кг.га яқин азот оксиди чиқаради. Дизел ёқилғисида ҳаракатланадиган автомобилларда бу кўрсаткичлар бироз юқори.
Электромобилларни зарядлашда қуёш, шамол ёки бошқа қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланилади, бу эса газ ёки бензинда юрадиган транспорт воситаларига нисбатан зарарини анча камайтиради, яъни углерод чиқиндиларининг умумий миқдори сезиларли даражада камаяди.
Фақат электр транспорт воситаларига рухсат берилган экологик тоза ҳудудларни жорий этиш шаҳар марказларида ифлосланиш даражасини камайтиради. Ҳаво сифатининг яхшиланиши касалликларнинг камайишига сабаб бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, электромобилларга ўтиш барқарор ривожланиш консепсияцини қўллаб-қувватлайди, тоза ва хавфсиз шаҳар яратишга ҳисса қўшади.
Умуман олганда, электр транспорт воситаларининг жорий этилиши шаҳар ҳавоси сифатини яхшилаш ва зарарли чиқиндиларни камайтириш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу эса нафақат экологик вазиятнинг яхшиланишига, балки шаҳарлардаги ҳаёт сифатининг ошишига ҳам олиб келади.
