Аёллар дафтари

Аёллар дафтари — ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси.
- ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар — бандлиги Таъминланмаган, ишлаш истагида бўлган ва даромад манбаига эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
- тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар — бандлиги таъминланмаган, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
- боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар — боқувчиси вафот этган, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, руҳий касалликка чалинган, I-II гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда доимий даромад манбаига эга бўлмаган, бедарак йўқолган (суд қарорига асосан) ёхуд бошқа сабабларга кўра боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар, фарзандлари вояга етмаган боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд аёллар, шунингдек, никоҳи бекор қилинган эҳтиёжманд хотин-қизлар ва эҳтиёжманд ёлғиз оналар (ФҲДЁ органларининг маълумотномаси асосида);
- ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар — меҳнатга лаёқатсиз, ўзгалар парваришига, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар;
- уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар — нотурар жойларда истиқомат қилаётган, доимий яшаш учун турар жойи бўлмаган, бир хонадонда (кичик ҳовлида) уч ва ундан ортиқ оила яшаётган (уй-жой майдони белгиланган ижтимоий нормадан кам бўлган), бироқ ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган, хусусий уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
- қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлар — ногиронлиги бўлган вояга етмаган (I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзанди ёшидан қатъий назар) фарзандини бевосита парваришлаётган ва (ёки) сурункали касалликнинг оғир турларига чалинган болалари мавжуд бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар.
Бунда «Аёллар дафтари» рўйхатига киритиладиган хотин-қизлар юқоридаги тоифалардан фақат бирига киритилиши мумкин.
1) ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар учун:
- бандлигини таъминлаш;
- зарур ҳолларда, сектор раҳбари хулосаси асосида бир марталик моддий ёрдам бериш;
2) тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар учун:
- тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш;
3) боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар учун:
- бир марталик моддий ёрдам бериш;
- зарур ҳолларда, сектор раҳбари хулосаси асосида оғир турмуш шароитидаги (уй-жойи таъмирлашга муҳтож, бироқ оиласининг моддий имконияти етмайдиган) хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш;
4) ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар учун:
- бир марталик моддий ёрдам бериш;
- зарур ҳолларда, сектор раҳбари хулосаси асосида оғир турмуш шароитидаги (уй-жойи таъмирлашга муҳтож, бироқ оиласининг моддий имконияти етмайдиган) хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш;
- тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар учун зарур тиббий ёрдамлар кўрсатиш;
5) уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар учун:
- ижара компенсациясини тўлаш, ижтимоий уйларга жойлаштириш, уй-жой билан таъминлаш;
- зарур ҳолларда, сектор раҳбари хулосаси асосида бир марталик моддий ёрдам бериш;
6) қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлар учун:
- бир марталик моддий ёрдам бериш;
- зарур ҳолларда, сектор раҳбари хулосаси асосида томорқадан ва деҳқончиликдан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш.
Хотин-қизлар қуйидаги ҳолларда «Аёллар дафтари»дан чиқарилади:
- ҳар бир тоифа бўйича белгиланган амалий ёрдамлар тўлиқ кўрсатилганда (индивидуал дастур асосида);
- тўлиқ давлат таъминотига олинганда;
- ўз аризасига кўра;
- «Аёллар дафтари»га ноқонуний киритилганлиги аниқланганда;
- бошқа давлатларга доимий яшаш учун чиқиб кетганда;
- суднинг озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи ҳукми қонуний кучга кирганда;
- шахс вафот этган тақдирда ёки суд қарори асосида бедарак йўқолган деб топилганда.
«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг индивидуал дастурга киритилган масалалари тўлиқ ҳал этилгунга қадар уларни «Аёллар дафтари»дан чиқаришга йўл қўйилмайди.
Кредитлар «Аёллар дафтари»га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.
Бунда кредитлар 33 миллион сўмгача миқдорда «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида ажратилади.