Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш

Ўқувчиларнинг ўқишини бир ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасидан бошқасига кўчириш, шунингдек илгари ўқишдан четлаштирилган ўқувчиларни ўқишга қайта тиклаш, қоидага кўра, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади.
Ўқувчиларни кўчириш ва қайта тиклаш тўғрисидаги барча аризалар бевосита ўқувчилар ўқиётган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида қабул қилинади.
- Кўриб чиқиш ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директори ваколатига кирадиган аризалар 20 августга қадар қабул қилинади.
- Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ваколати доирасида кўриб чиқиладиган аризалар 1 августга қадар қабул қилинади ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси томонидан ҳудудий вилоят бошқармаларига юборилади.
Ўқишни кўчириш тўғрисидаги ариза таълим муассасаси директори, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси ёки Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ариза берилган кундан бошлаб 15 кун мобайнида кўриб чиқилади.
Ўқувчиларни ўқишга қайта тиклаш учун ўқувчи вояга етмаган бўлса унинг ота-онасидан бири (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) четлаштириш сабабларини кўрсатган ҳолда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директори номига ариза бериши керак.
- Ўқувчини бошқа ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасига ўқишга қайта тиклашда у олдин ўқиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг розилиги талаб этилмайди.
- Ўқувчи олдин ўқиган тайёрлов йўналиши тўхтатилган бўлса, унинг хоҳишига кўра турдош тайёрлов йўналишига ўқишни тиклаш мумкин.