Савол-жавоблар
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ ижарага берувчи ижарага олувчини ўзи истанган пайтда ижарага берилган уй-жойдан чиқариб юборишга ҳақли эмас. Бунинг учун албатта, тарафлар ўртасида ижара шартномаси тузилган бўлиб, унда ижара шартлари ҳамда тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган бўлиши шарт. Бундай ҳолда ижара шартномаси бекор бўлмасдан туриб, ижарада турган фуқаро уй-жойни тарк этмасликка ва яшашда давом этишга ҳақлидир.
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси тузилишини ёзма шаклига амал қилмасдан, ўзаро келушив асосида ижарада яшаб келаётган фуқаролар бундан мустасно. Чунки уй-жойни ижарага беришни белгиланган тартибига риоя қилмаслик, кейинчалик тарафлар ўртасида шу масалада низо юзага келган тақдирда, бирон бир ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди.
Фуқаролик кодексининг 615-моддасига кўра, уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади. Агар ижарага олувчи уйда ижара шартномаси асосида яшаб келаётган бўлса, ижарага берувчи ижарачини бу уй-жойдан чиқариш учун аввал ўнга ижара шартномасини бекор қилишни таклиф қилиши керак. Агар ижарада турган шахс дастлабки келишилган шартлар бўйича шартномани бекор қилишга рози бўлмаса, ижарачида муддатидан аввал уни уйдан чиқишини талаб қилиш ҳуқуқи бўлмайди. Шунинг учун талабни рад этиб, шартномада белгиланган тўловни вақтида амалга ошириб, яшашда давом этиш мумкин.
Хатто, ижара шартномаси бўйича эгаллаб турилган уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши ҳам шартноманинг ўзгартирилиши ёки бекор қилишга сабаб бўлмайди. Бунда янги мулкдор илгари тузилган шартнома шартлари асосида ижарага берувчига айланади.
Хуллас, ижарада турган фуқаролар, ижара шартномасига риоя қилган ҳолда келишилган тўловларни ўз вақтида тўлаб боришса, уларни ижарага турган уй-жойдан асоссиз чиқариб юборишига йўл қўйилмайди.
Ижарага берилган уй-жойдан чиқариш мақсадида ўзаро келишувга эришилмаган тақдирда, уй эгаси юқоридаги Кодекснинг 615-моддасига биноан, агар шартномада узоқроқ муддат белгиланмаган бўлса, ижарада турган шахс 6 ой давомида, қисқа муддатли ижара бўйича 2 мартадан кўпроқ марта муддатида тўлов қилмаса ёки уй-жой вайрон қилиниб, унга путур етказилса, ё бўлмаса, шу уйдан ғайриқонуний қилмишлар содир этиш мақсадида фойдаланилган бўлса, шартномани бекор қилиш тўғрисида судга даъво киритиши мумкин.
Ха! Бундай муносабатларни тартибга солиш мақсадида қонунчилигимизда аниқ нормалар белгилаб қўйилган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-1-моддасида фуқаролар ўртасида турар жойни ижара шартномасисиз ижарага берганлиги учун айбдор шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бароваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бундан ташқари Фуқаролик кодексининг 985-моддасига асосан ғайриқонуний харакат туфайли фуқаронинг шахсига ва мол-мулкига етказилган зарар, уни етказган шахс томонидан тўлиқ хажимда қопланиши лозим.
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади ва давлат солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйилиши керак.
Шартномани ҳисобга қўйиш шартнома тузилган кундан 3 кундан кечиктирмай ijara.soliq.uz портали орқали бепул амалга оширилади ва бу ижарага берувчининг мажбурияти ҳисобланади.
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади.
Шартномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у 5 йилга тузилган ҳисобланади.
Ижарага олувчи янги муддатга шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.
Ижара ҳақи миқдори ижарага берувчи ва ижарага олувчининг ўзаро келишувига биноан шартномада белгилаб қўйилади.
Ижара ҳақининг миқдори бир томонлама ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.
Ижара пули шартномада кўрсатилган муддатларда тўланиши керак.
Ижара шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади.
Ижара шартномасини ижарага берувчининг талаби билан бекор қилиш муайян асосларга кўра фақат суд тартибида амалга оширилади.
Бу асослар жумласига қуйидагилар киради:
- ижара пули 6 ой мобайнида ёки қисқа муддатли ижарада эса шартномадаги муддатдан кейин 2 мартадан кўпроқ ҳақ тўланмаган бўлса;
- уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур етказилса;
- уй-жойдан ғайриқонуний мақсадлар учун фойдаланилган бўлса.
Ижарага олувчи уй-жойдан бошқа мақсадда фойдаланса ёки қўшниларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузса, ижарага берувчи ижарага олувчини қоидабузарликка йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириши мумкин.
Ижарага олувчи бундан кейин ҳам қоидабузарликларни давом эттирса, ижарага берувчи шартномани суд тартибида бекор қилишга ҳақли.
- Ижарага берувчининг ижарага турган шахсни уй-жойдан чиқиб кетиш ёки ортиқча ҳақ тўлашга оид ноқонуний талаблар устидан фуқаролик ишлар бўйича судларга мурожаат қилиш орқали бузилган ҳуқуқларни тиклаш мумкин.