Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш

Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш адлия органлари томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари, республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.
Вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудларида фаолият олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида рўйхатдан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини белгиланган тартибда аккредитация қилишни амалга оширади.
- Давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар таъсис съезди (конференцияси) ёки умумий йиғилиш ўтказилган кундан эътиборан 2 ой ичида, жамоат бирлашмаси учун эса 1 ой ичида тақдим этилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни қабул қилиб олган адлия органи уларни 1 ойлик муддат ичида кўриб чиқади ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан 3 кун ичида муассисларга давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома ёки қонунчиликнинг қайси қоидалари бузилганлиги давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга олиб келганлиги ҳақида аниқ кўрсатилган ҳужжат беради.