Ўзбекистон Республикаси паспорти ва ID-карта

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, ID-карта эгасининг шахсий биографик ва биометрик маълумотлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат.
ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан фуқароларга қуйидаги муддатларга берилади:
- янги туғилган болага бир ёшгача — икки йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);
- бир ёшдан 16 ёшгача — 5 йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);
- 16 ёшдан — 10 йил муддатга.
Фуқаро ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидагиларни тақдим этади:
- белгиланган шаклдаги ариза-анкета;
- илгари берилган паспорт ёки ID-карта;
- туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);
- ваколатли органнинг қарори (ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);
- давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).
ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олингандан сўнг бир иш куни мобайнида берилади.
- Агар фуқаро қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ёхуд кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, маълумотларни йиғиш пункти фуқарога ID-карта расмийлаштиришни рад этади.
- ID-карта расмийлаштириш ва бериш жараёнида унда техник нуқсонлар аниқланса, башарти улар маълумотларни йиғиш пункти томонидан йўл қўйилган бўлса, ID-карта бепул алмаштирилади.
16 ёшга тўлмаган шахсларнинг ID-карталари уларга ID-карта бериш бўйича мурожаат қилган ота-оналари ёки васийларига (ҳомийларига) берилади.
- Ягона интерактив давлат хизматлари порталида идентификация ID-картасини олиш учун мурожаат қилиш.
- Идентификация ID-картасини расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги ПФ-4262-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низом, амалдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти 2030 йил 31 декабргача ҳақиқийдир.
Норматив ҳужжатлар
- Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида” қонуни
- Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги қонуни
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида Паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.09.2020 йилдаги ПФ-6065-сон "Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Консуллик рўйхатида турувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, бериш ва алмаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори