Товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш

Товар тўлиқ ишлаб чиқарилган ёки ушбу бобда белгиланган талабларга мувофиқ етарли даражада қайта ишланган мамлакат товар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳисобланади. Бир гуруҳ мамлакатлар, мамлакатларнинг божхона иттифоқлари, минтақа ва (ёки), товар ишлаб чиқарилган жойни аниқлаш мақсади ажратиб кўрсатишни тақозо этса, бирор мамлакатнинг муайян қисми товар ишлаб чиқарилган мамлакат деб ҳисобланиши мумкин.
- Товарларни туркумлаб етказишда улар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш.
- Товарнинг муайян мамлакатда ишлаб чиқарилганлиги товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат билан тасдиқланади.
Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат товарнинг муайян мамлакатда ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайдиган, экспорт ёки реэкспорт қилувчи мамлакатда белгиланган тартиб ва шаклга мувофиқ ваколатли орган томонидан берилган, шу жумладан электрон шаклда берилган ҳужжатдир.
- Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатлар билан бир вақтда тақдим этилади. Сертификат йўқолган тақдирда уни берган орган томонидан расмий равишда тасдиқланган дубликати қабул қилинади.
- Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатнинг тақдим этилмаганлиги товарни чиқариб юборишни рад этиш учун асос бўлмайди.
Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаганда ёки ушбу сертификатнинг ва (ёки) унда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа туғилганда товарга нисбатан божхона божининг 2 баравар оширилган ставкаси қўлланилади.
Норматив ҳужжатлар
- Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси
- Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божхона хизмати тўғрисида"ги Қонуни
- Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори. 912-сон. 18.11.2019 й.