Фракциялар ва депутатлар гуруҳи

ФРАКЦИЯЛАР ВА ДЕПУТАТЛАР ГУРУҲИ
Қонунчилик палатаси депутатлари сиёсий, профессионал ва бошқа асосда фракциялар ва депутатлар гуруҳлари шаклида депутатлар бирлашмаларини тузиши мумкин.
- Фракция сиёсий партиядан кўрсатиладиган депутатлар томонидан партия манфаатларини Қонунчилик палатасида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмасидир.
- Депутатлар гуруҳларини Қонунчилик палатаси таркибига сайланган, сиёсий партиядан кўрсатилмаган депутатлар тузишга ҳақли.
- Қонунчилик палатаси депутатининг фракцияга ёки депутатлар гуруҳига кириши тўғрисидаги қарор уларнинг мажлисларида қабул қилинади.
- Қонунчилик палатасининг депутати фақат бир фракция ёки депутатлар гуруҳининг аъзоси бўлиши мумкин.
- Сиёсий партиядан кўрсатилган ва Қонунчилик палатасига сайланган депутат фақат шу партия фракциясининг аъзоси бўлиши мумкин.
- Депутатлар бирлашмаларининг ташкил этилиши ва фаолияти тартиби Қонунчилик палатаси Регламентида белгиланади.
- Қонунчилик палатасининг камида тўққиз нафар депутати фракция ёки депутатлар гуруҳини тузиш ҳуқуқига эга.
- Фракциялар ва депутатлар гуруҳлари рўйхатдан ўтиши керак. Қонунчилик палатасининг мажлисида фракция ва депутатлар гуруҳининг раҳбари ёки бошқа вакили тегишинча фракция ёки депутатлар гуруҳи тузилгани ҳақида палатага ахборот беради, бу Қонунчилик палатаси мажлисининг баённомасида қайд этилади.
Қонунчилик палатаси фракция ва депутатлар гуруҳи тузилгани тўғрисида қарор қабул қилади.
- Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган фракция парламентдаги кўпчиликни ташкил этади.
- Ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда блок тузадиган бир нечта фракциялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар ҳам парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин.
- Янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган фракциялар, шунингдек сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.
- Фракцияларнинг блокка бирлашиши қонунда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда уларнинг мустақиллигини чеклаб қўймайди.