Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатларининг сайлови

Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан — Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ваколат муддати — 5 йил.
- Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари умумийдир.
- Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.
- Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.
- Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи тузилади. Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.
Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.
- Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сайловчилар сони тенг ҳолда белгиланади.
Сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда сайловдан камида 75 кун олдин тегишли сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.
- Депутатликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи.
- Сенат аъзоларининг сайлови Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайланганидан кейин 1 ойдан кечиктирмай ўтказилади.
Овоз бериш натижаларига кўра бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган Сенат аъзолигига номзодлар, башарти қўшма мажлисда ҳозир бўлган маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 50 фоизидан кўпроғи уларни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган деб ҳисобланади.