Йиллик меҳнат таътиллари

Барча ходимларга иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда 15 иш кунидан кам бўлмаган йиллик меҳнат таътиллари берилади.
Йиллик асосий ва қўшимча таътилларни жамлаш тартиби:
- Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга (шу жумладан узайтирилган таътилга ҳам) қўшиб жамланади.
- Барча ҳолларда қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас.
Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқариш тартиби:
- Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини ўн иккига бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.
Таътиллар учун ҳақ тўлаш:
- Йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади.
- Таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади.
Норматив ҳужжатлар
- Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси
- Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 743-сон қарори билан тасдиқланган «Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентларини, шунингдек, уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисида низом»
- Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори