ERNEST XEMINGUEY “ChOL VA DENGIZ”
2025-06-16 16:15:00 / Ochiq ma'lumotlar

Э С С Е
ЭРНЕСТ ХЕМИНГУЭЙ “ЧОЛ ВА ДЕНГИЗ”
Эрнест Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз” асари – бу оддийгина чол, денгиз, бир болакай ҳақидаги жўнгина асар эмас, балки ҳақни излаётган, орзулари сари интилаётган, инсон иродаси ва матонатига қўйилган ҳайкал дейиш мумкин.
Асарда ҳар бир нарса рамзий маънога эга, масалан, денгиз – бу катта ҳаёт, қайиқ - умр, балиқ-орзу, акулалар-душманларимиз, Сантьяго исмли чол эса сиз ва биз.
Энди асар воқеаларини озгина эсласак. Сантьяго исмли чол Кубадаги кичик қишлоқда яшайди. У балиқчилик билан шуғулланади. Чолнинг тўрига 84 кундан буён балиқ илинмайди. Аммо у бундан сираям умидсизликка тушмайди. Чолнинг ёнида Манолин исмли бола ҳам бўлади, у чол билан бирга балиқ овлайди. Боланинг ота-онаси чолни омадсиз ҳисоблар эди, шунинг учун болага бошқа қайиққа чиқишни буюришган эди, аммо бола чолни жуда яхши кўрар эди, ўзи учун идел устоз деб биларди.
Чолни атрофдагилар омадсиз деб ҳисоблар эди, чунки у кўп ов қилиб, қуруқ қайтарди, чол хуллас, омадига ишониб, денгизга йўл олади, дастлаб у кичкина балиқларни овлайди, сўнг эса жуда катта балиқ қармоққа илинади, улкан балиқ қайиқни узоққа тортиб кета бошлайди, шунда чол ёнида Манолин йўқлигидан хафа бўлади, бундай пайтларда унинг ёрдами жуда асқотарди, шундай қилиб чол балиқ билан узоқ жанг қилади.
Чолни умид ва ишонч бир зумга бўлса-да тарк этмайди. Унинг ишончи ва умиди олдинга бошлайверади. Жуда улкан балиқни ўлдиришга муваффақ бўлади, улкан балиқни қайиғига маҳкамлаб, ортга қайтади, аммо у анча олислаб кетган эди, балиқдан оқаётган қон акулаларни бошлаб келади. Чол бир неча акулалар билан курашиб, анчасини ер тишлатади. Сўнгги кучи қолгунча курашиб, балиқни ҳимоя қилади. Лекин уйига етиб келгунга қадар балиқнинг фақат бош қисми ва суяклари қолганди холос.
Чол шунчалар катта балиқ тутгандики, илгари унга ишончсизлик билан қараган кўзлар, энди ҳайрат билан боқарди. Гарчи чол бутун балиқ билан қайтмаган бўлса-да, ҳаммасини удаллаганди. Бу муваффақиятига эса унинг умиди, букилмас иродаси сабаб бўлди.
Инсон ҳаётга келар экан, бу ҳаёт учун курашиб яшайди. Худди, Сантьяго денгизга чиққач улкан балиқ билан курашиб, уни енгади, ўзиники қилгач акулалар билан курашади. Ўз ўлжасини ҳимоя қилади. Инсонлар ҳам бу ҳаётда нимагадир эришиш учун курашади. Шу йўлда гуноҳга, савобга қўл уради.
Ёзувчи Эрнест Хемингуэй ушбу асарини эллик бир ёшида, икки ой давомида ёзган, ёшлик давридан ўтиб кексалик билан юзлашаётган бир даврда ёзади. У ҳам ҳаётида ўзи қилган ишларини сарҳисоб қилган бўлса ажаб эмас.
Асарда инсон руҳининг моддий бойликлар устидан ғалабаси, инсон иродасининг синмаслиги, инсонни ўзига бўлган ишончи, орзу-умидлари сари ҳаракат қилиши ёзувчи томонидан ўқувчига рамзий маъноларда ёритиб берилган.
Ўз даврининг етук олими Алихонтўра Соғуний ўзининг асарида “Инсон оламининг билган нарсалари билмаганлари олдида улуғ денгиздан бир томчи сув мисоли кабидадур” деб бежиз айтмаган.
Инсон ҳаётга келар экан, аввало яратган зотни таниши, ўзининг нима учун бу ҳаётга келганини, бизнинг олдимизга қўйилган вазифаларни, шу мақсадлар йўлида ҳаракат қилишимиз кераклигини, бу ҳаёт ва дунё беҳудага яратилмаганини чуқур англашимиз лозим.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, инсон ўзига эзгу мақсадларни қўйиб, ушбу мақсадар сари ҳеч қачон ҳаракатдан интилишдан, курашдан тўхтамаслиги лозим ва интилишлари шундай бўлиши керакки, ҳар қандай вақт ва вазиятда ўша ҳаракатларимиздан кўнглимиз тўлсин.
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг тергов судьяси
А.Хакимов
