«ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ОЛИМПИЯ ЧЎҚҚИЛАРИ»: 41 НАФАР ЁШ СПОРТЧИ РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИДА
2026-10-23 00:00:00 / Yoshlar siyosati
Бугун Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбай Атемов
«Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари» мусобақаларининг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган ёш спортчилар билан учрашди.
Учрашувда спортчиларнинг мусобақага тайёргарлик жараёни, эришган натижалари ва олдинда турган мақсадлари ҳақида сўз юритилди. Туман ҳокими ёш спортчилар билан самимий мулоқот қилиб, уларга бўлажак беллашувларда улкан зафарлар тилади.
Қайд этиш жоизки, мусобақанинг туман босқичи спортнинг 13 та тури бўйича ташкил этилиб, унда жами 982 нафар спортчи иштирок этди. Уларнинг 691 нафари умумтаълим мактаблари, 291 нафари эса спорт мактаблари вакилларидир.
Қувонарлиси, туман ва вилоят босқичида ўз маҳорати, иқтидори ва спортга бўлган интилишини намоён этган спортчилардан 6 та спорт тури бўйича 41 нафари республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Энди улар республика миқёсидаги мусобақаларда таэквондо WT, стол тенниси, бокс, оғир атлетика, сузиш ҳамда чим устида хоккей спорт турлари бўйича баҳс олиб борадилар.
Учрашув давомида туман ҳокими ёш спортчиларга мурожаат қилиб, мусобақаларда бор куч ва маҳоратларини ишга солиш, ғалаба учун қатъият билан курашиш, энг муҳими, Юқори Чирчиқ тумани ва Тошкент вилояти шарафини муносиб ҳимоя қилиш лозимлигини таъкидлади.

