Ёшлар бандлиги — эътибор марказида
2026-10-25 00:00:00 / Yoshlar siyosati
Бугун Султонравот маданият марказида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида "Раҳбар ва ёшлар учрашуви" ҳамда "Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси" бўлиб ўтди.
Унда Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбай Атемов, вилоят ҳокими ўринбосарлари О.Турсунов ва О.Султонбеков, вилоят солиқ инспекцияси раҳбарияти, вилоят ёшлар ишлари агентлиги, туман ҳокимининг ўринбосарлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ва бандлиги таъминланмаган ишсиз ёшлар иштирок этди.
Учрашув давомида ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари, уларни қийнаётган муаммолар ҳамда иш билан таъминлашга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, мавжуд муаммолар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Мурожаатларни тинглаш асносида уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ўрганиши ва муносиб иш ўринларига эга бўлиши борасидаги имкониятлар муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси эса ёшлар учун янги имкониятлар майдонига айланди. Ярмаркада корхона ва ташкилотлар вакиллари томонидан мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар берилди. Иш излаётган ёшлар ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича мутахассислар билан бевосита мулоқот қилиб, ишга жойлашиш шартлари ва меҳнат фаолиятини бошлаш имкониятлари билан танишдилар.

