«Огоҳ бўлинг, одамлар!» спектакли намойиш этилди
2026-10-10 10:00:00 / Ommaviy Tatbirlar
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги 1-сонли «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2-сонли «2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ижроси доирасида Юқори Чирчиқ туманида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Бугун Гулистон маҳалласидаги «Миллатлар дўстлиги маданият саройи»да Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори, профессор Муҳаммадали Абдуқундузов ижодий жамоаси томонидан Усмон Азим асари асосида тайёрланган «Огоҳ бўлинг, одамлар!» спектакли намойиш этилди.
Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, корхона ва ташкилот ходимлари, мактаб директорлари, маҳалла аҳолиси ҳамда «Аёллар дафтари»да рўйхатда турувчи хотин-қизлар иштирок этди.
Спектаклда оилавий-маиший муносабатлар доирасидаги муаммолар, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, одам савдоси каби салбий иллатлардан огоҳ бўлиш масалалари таъсирчан тарзда ёритилди.
Мазкур тадбир аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жиноятчиликни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

