Жиноятчиликнинг олдини олиш — умумий ва масъулиятли вазифа
2026-09-24 09:00:00 / Yangiliklar
Бугун туман ички ишлар бўлимида туман ҳокими Ускенбай Атемов ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти бошлиғининг ўринбосари, полковник К.Батиров иштирокида профилактика инспекторлари ҳамда тунги хизматга жалб этилган ходимлар учун йўриқнома ўтказилдиЙўриқномада , туман ИИБ бошлиғи, подполковник Д.Т.Тоштемиров, туман прокурори ўринбосари С.Усманов, 1-МММ бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Р.В.Абдусаматовлар иштирок этди.
Йўриқномада, аввало, туманда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Туман ҳокими Ускенбай Атемов ўз сўзида ҳудудларда профилактик ишларни янада кучайтириш, айниқса, жиноятчилик кўрсаткичи юқори бўлган «қизил» тоифага киритилган маҳаллаларда вазиятни мунтазам ўрганиб бориш, муаммоларни манзилли ҳал этиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика инспекторларининг масъулиятини ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, тунги вақтда жамоат тартибини таъминлаш, фуқаролар хавфсизлигини муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарлик содир этилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Хизмат олди йўриқнома давомида профилактика инспекторлари ва тунги хизматга жалб этилган масъул ходимларга хизматни самарали ташкил этиш, маҳаллаларда профилактик «тозалаш» тадбирларини қонун талаблари асосида ўтказиш, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли ишлаш ҳамда жамоат тартибини таъминлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

