Ишчи гуруҳ томонидан тумандаги корхоналар фаолияти ўрганилди
2026-09-15 09:00:00 / Yangiliklar
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда вилоят прокуратураси ишчи гуруҳи аъзолари томонидан тумандаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти, мавжуд имкониятлар ва соҳада учраётган муаммоларни ўрганиш мақсадида амалий ўрганиш ишлари олиб борилди.
Дастлаб, ишчи гуруҳ аъзолари туман ҳокимлигида туман ҳокими Ускенбай Атемов билан учрашиб, ҳудуднинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти, инвестициявий имкониятлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган тизимли муаммолар хусусида фикр алмашдилар.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ вакиллари «Rosen Park» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишдилар. Корхонада агротуризм ва кўчатчилик соҳасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, туризм хизматларини ривожлантириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш борасидаги режалар муҳокама қилинди.
Ўрганишлар давомида «TEXNOINVEST-ST» МЧЖ фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Корхона масъуллари билан қўшни давлатлардан ойна маҳсулотларини импорт қилиш жараёнида юзага келаётган муаммолар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «EURO GLOBAL INVEST» МЧЖ бўлди. Мазкур корхона йилига 600 минг квадрат метр темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.
Айни пайтда корхона фаолияти вақтинчалик тўхтатилган бўлиб, ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйишга тўсқинлик қилаётган омиллар атрофлича ўрганилди. Корхона мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқаришни қайта тиклаш ва янги иш ўринларини яратиш имкониятлари юзасидан масъуллар билан фикр алмашилди.
Ўрганишлар якунида аниқланган муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларига амалий кўмак кўрсатиш, ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга тушириш ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаш юзасидан вазифалар белгиланди.

