“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви — ёшлар манфаати йўлидаги очиқ мулоқот
2026-08-07 09:00:00 / Yangiliklar
Юқори Чирчиқ туманида ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ҳамда бандлигини таъминлашга қаратилган “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
34-умумтаълим мактабида ташкил этилган учрашувда туман ҳокими Ускенбай Атемов, республика ишчи гуруҳи вакили, тегишли ташкилотлар раҳбарлари ҳамда маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар иштирок этди.
Мулоқот давомида ёшлар таълим, тадбиркорлик, бандлик, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш, спорт ва ўз иқтидорини рўёбга чиқариш билан боғлиқ таклиф ҳамда мурожаатларини билдирдилар. Ҳар бир масала атрофлича кўриб чиқилиб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши ва мамлакат тараққиётига дахлдорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

