АТ «Халқ банки» Юқори Чирчиқ банк хизматлари маркази раҳбари Додаматов Улуғбек Холбоевичнинг фуқароларга мурожаати
2026-07-16 09:00:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari
Ҳурматли фуқаролар!
Бугунги кунда кибержиноятчилар турли фирибгарлик усуллари орқали фуқароларнинг банк карталари, шахсий маълумотлари ва пул маблағларини қўлга киритишга уринмоқда. Шу боис, барчангизни огоҳ ва эҳтиёткор бўлишга чақирамиз.
🔹 Номаълум манбалардан юборилган APK файлларини ҳеч қачон юклаб олманг ва ўрнатманг. Бундай иловалар орқали телефондаги шахсий маълумотларингиз ва банк ҳисобларингиз ўғирланиши мумкин.
🔹 SMS орқали келган тасдиқлаш коди (OTP), банк карта рақами, PIN-код, CVV-код ёки интернет-банкинг паролларини ҳеч кимга айтманг. Унутманг, банк ходимлари телефон орқали бундай маълумотларни ҳеч қачон сўрамайди.
🔹 Номаълум ҳаволалар (ссылкалар) устига босманг. Фирибгарлар сохта сайтлар орқали логин ва паролларингизни қўлга киритишга ҳаракат қилади.
🔹 Мобил иловаларни фақат Google Play ёки App Store каби расмий платформалар орқали юклаб олинг.
🔹 Телефонингизни парол ёки биометрик ҳимоя билан муҳофаза қилинг ҳамда дастурларни доимий равишда янгилаб боринг.
❗️ Эсда тутинг! Кибержиноятчилар кўпинча ўзини банк, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки давлат ташкилоти ходими сифатида таништириб, сизга босим ўтказиш, шошилтириш ёки қўрқитиш орқали алдашга уринади. Бундай ҳолатда суҳбатни дарҳол якунланг ва банкнинг расмий алоқа марказига мурожаат қилинг.
🛡 Киберхавфсизлик — ҳар биримизнинг масъулиятимиз.
Шахсий маълумотларингизни асранг, эҳтиёткор бўлинг ва кибержиноятчилар тузоғига тушманг!

