Юқори Чирчиқ тумани деҳқонлари Янгийўлда тажриба алмашдилар
2026-07-08 09:00:00 / Yangiliklar
Бугун аҳоли бандлигини таъминлаган ҳолда уларнинг даромадларини ошириш, мавжуд томорқа ерларидан унумли фойдаланиш ва иссиқхона хўжалигини илмий асосда ривожлантириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.Шу мақсадда, Юқори Чирчиқ туманининг бир гуруҳ фаол ва уста деҳқонлари ҳамда томорқа ер эгалари учун Янгийўл туманида жойлашган «Янгийўл АгроСтар» МЧЖ базасида амалий ўқув семинари ташкил этилди.
Мулоқот ва амалий тажриба алмашиш руҳида ўтган мазкур семинарда Юқори Чирчиқлик деҳқонлар «Янгийўл АгроСтар» корхонаси томонидан жорий этилган замонавий иссиқхона технологиялари, инновацион суғориш тизимлари ва экинларни касалликлардан ҳимоя қилишнинг илғор усуллари билан яқиндан танишдилар.
Семинар давомида соҳа мутахассислари томонидан аҳоли томорқаларидан йилига 2-3 марта ҳосил олиш, кам харажат эвазига юқори иқтисодий самарадорликка эришиш ва маҳсулотларни экспортга тайёрлаш бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Туманимиз деҳқонлари иссиқхона иншоотларини тўғри ташкил этиш, уруғ ва кўчат танлаш, тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга сифатли етказиб бериш каби ўзларини қизиқтирган барча саволларга соҳа экспертларидан батафсил ва илмий асосланган жавобларни олдилар.
Бу каби тажриба алмашинувлар туманимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва Юқори Чирчиқ деҳқончилик мактаби салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади

