Раҳбар ва ёшлар — келажак сари ишончли қадам
2026-07-10 09:00:00 / Yangiliklar
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва жамият ҳаётида муносиб ўрин топишига қаратилган ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида изчил давом этмоқда. Хусусан, ҳар пайшанба куни ҳудудларда ўтказилаётган “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқотлари ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда улар билан бевосита мулоқот қилишнинг самарали майдонига айланмоқда.Ана шундай очиқ мулоқотлардан бири Юқори Чирчиқ туманининг Қорасув маҳалласида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Ускенбай Атемов, туман прокурори ҳамда туман ИИБ раҳбари иштирок этиб, маҳалладаги ёшлар билан юзма-юз суҳбат қурдилар.
Учрашув давомида ёшлар таълим, бандлик, спорт, тадбиркорлик, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш ва келажак режаларига оид фикр-мулоҳазаларини эркин билдирдилар. Шунингдек, улар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар атрофлича муҳокама қилиниб, ҳар бир мурожаат юзасидан тегишли масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Самимий ва очиқ руҳда кечган мулоқотда ёшларнинг фаоллиги, ташаббускорлиги ҳамда Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳисси юксак баҳоланди. Бу каби учрашувлар ёшларнинг давлат идоралари раҳбарлари билан бевосита мулоқот қилиши, уларнинг таклифлари ҳаётга татбиқ этилиши ва янги имкониятлар яратилишида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Тадбир якунида турли соҳаларда ютуқларга эришаётган, жамоат ишларида фаол иштирок этаётган бир гуруҳ иқтидорли ёшлар муносиб рағбатлантирилди.
Юқори Чирчиқ туманида ўтказилаётган бундай учрашувлар ёшларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатимиз тараққиётига дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

