Юқори Чирчиқ туманида «Мустақиллик тўйи» фестивали юқори кайфиятда давом этмоқда
2026-07-09 09:00:00 / Yangiliklar
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Юқори Чирчиқ туманида «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида ташкил этилган «Мустақиллик тўйи» фестивали кўтаринки руҳда давом этмоқда.Маънавият хиёбонида бўлиб ўтган навбатдаги байрам тадбирида умумтаълим мактаблари ўқувчилари, фаол ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, байрамона муҳит ва мазмунли концерт дастуридан баҳраманд бўлдилар.
Тадбирда Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбай Атемов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталди. Шунингдек, давлат мустақиллигининг бебаҳо неъмати, унинг халқимиз ҳаёти ва мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди.
Туман Маданият бўлими ижодкорлари томонидан тайёрланган куй-қўшиқ ва рақсларга бой концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди. Ёшлар миллий ва замонавий тароналар садоси остида завқ билан рақсга тушиб, байрам шодиёнасини янада файзли қилди.

