Марказий ўйингоҳда Наврўз шодиёнаси — халқни бирлаштирган улуғ айём
2026-03-25 11:00:00 / Ommaviy Tatbirlar
Бугун туман марказида жойлашган “Марказий ўйингоҳ”да “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир” шиори остида кенг кўламли байрам тадбири юқори савияда ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди
Тадбирни туман ҳокими Ускенбай Атемов очиб бериб, барча юртдошларимизни баҳорнинг энг гўзал ва файзли айёми — Наврўз байрами билан самимий табриклади. У ўз сўзида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилганини алоҳида таъкидлаб, барчага сиҳат-саломатлик, фаровонлик ва омад тилади.
Мазкур байрам тадбирида республика ишчи гуруҳи аъзолари, нуронийлар, халқ депутатлари, туманимиз аҳолиси ҳамда меҳмонлар фаол иштирок этдилар.
Тадбирлар доирасида ташкил этилган маънавий-маърифий ва маданий дастурлар байрамга янада файз бағишлади. Жумладан, “Китоб – маънавият манбаи” китобхонлик тадбири орқали аҳоли ўртасида китобга бўлган қизиқиш янада оширилди. Миллий спорт ўйинлари фестивали эса ёшлар ва катталарни бирдек жамлаб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилди.
Шунингдек, болалар учун ташкил этилган расм чизиш майдончаси кичкинтойларнинг ижодий қобилиятларини намоён этишга хизмат қилди. Миллий таомлар ва ҳунармандчилик кўргазмалари, варраклар сайли ҳамда миллий таомлар беллашувлари эса байрамга ўзига хос миллий руҳ ва ранг-баранглик бағишлади.
Туман маданият бўлими томонидан тайёрланган мусиқий чиқишлар, қўшиқ ва рақслар эса тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашиб, Наврўз шодиёналарини янада ёрқин ва эсда қоларли қилди.
Наврўз — бу янгиланиш, меҳр-оқибат ва бағрикенглик байрами. Бугунги байрам тадбири эса туманимизда инсон қадри юксак экани, халқимиз бирдам ва аҳил эканининг яна бир бор ёрқин намунаси бўлди.

