Рамазон файзи — қалблар бирлигида
2026-03-18 11:00:00 / Ommaviy Tatbirlar
Муборак Рамазон ойи муносабати билан туман марказидаги “Суғдиёна” тантаналар саройида файзли ифторлик дастурхони ёзилди. Маънавий руҳ ва самимиятга йўғрилган ушбу тадбир барчада илиқ таассуротлар қолдирди.
Тадбирда туман ҳокими Ускенбай Атемов, маҳалла нуронийлари ва фаоллари, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Ифторлик аввалида сўз олган туман ҳокими барчани муборак Рамазон ойи билан самимий табриклаб, бу ой инсонларни эзгулик, меҳр-оқибат, саховат ва бағрикенгликка чорловчи улуғ айём эканини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган эзгу ишлар изчил давом этаётгани қайд этилди.
Файзли дастурхон атрофида жам бўлганлар биргаликда ифтор қилдилар. Суҳбатлар давомида миллатимизга хос ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва эътибор янада ёрқин намоён бўлди.
Тадбир якунида юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлиши ҳамда амалга оширилаётган хайрли ишлар бардавом бўлиши тилаб дуолар қилинди.
✨ Бундай эзгу тадбирлар жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаб, инсонлар ўртасидаги бирдамлик ва аҳилликни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

