Юқори Чирчиқ туманида тараққиёт суръати ва амалий натижалар ўрганилди
2026-02-06 09:00:00 / Yoshlar siyosati
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Пўлат Бобожанов ишчи сафари билан Юқори Чирчиқ туманида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, инфратузилма ва туризм соҳасидаги лойиҳаларнинг бориши билан яқиндан танишди.Дастлаб, туман марказида “Зарбдор” тажрибаси асосида амалга оширилаётган “Соҳил бўйи” лойиҳасини кўздан кечирилди. “Қорасув” дарёси бўйида барпо этилган мазкур дам олиш мажмуаси ҳудуд аҳолиси учун замонавий ва мазмунли дам олиш масканини яратишга қаратилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 6 миллиард 280 миллион сўмни ташкил этиб, унда маънавият хиёбони, ёшлар боғи, нуронийлар боғи ҳамда икки та пиёдалар кўприги барпо этилгани эътиборга молик.
Шундан сўнг Пўлат Бобожанов туман марказида қайта таъмирланиб, фаолияти йўлга қўйилган “Ахборот-кутубхона маркази”да бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар, китобхонликни ривожлантиришга қаратилган замонавий ёндашувлар билан танишди. Марказнинг аҳоли, айниқса ёшлар маънавий-маърифий ҳаётидаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Сўнг “Т.Г.Хван” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган “Стол тенниси маркази” фаолияти ҳам ўрганилди. Мазкур иншоот ёшларни спортга жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, Пўлат Бобожанов Т.Г.Хван маҳалласида жойлашган Т.Г.Хван музейи фаолияти билан танишиб, унинг тарихий ва маънавий аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Ўрганиш давомида иқтисодий лойиҳаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “HUMO SAVDO PLUS” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш” мақсадидаги “Озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари учун қадоқ ишлаб чиқариш” лойиҳаси билан танишилди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, йилига 65 минг тонна қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Лойиҳа доирасида 100 та янги иш ўрни яратилган бўлиб, йиллик экспорт ҳажми 5 миллион АҚШ долларига етказилиши режалаштирилган.
Якунда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳоли турмуш даражасини ошириш, ҳудуд иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни таъминлашдаги аҳамияти алоҳида қайд этилди.

