Юқори Чирчиқ туман прокурори Улуғбек Ғаниевнинг туман аҳолисига мурожаати
2026-02-06 09:00:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari
Ҳурматли Юқори Чирчиқ тумани аҳолиси!
Бугунги кунда ахборот технологиялари ҳаётимизга кенг кириб бориши билан бирга, интернет маконида содир этилаётган жиноятлар ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, кибер жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатлар фуқароларнинг мол-мулки, шахсий маълумотлари ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Интернет орқали фирибгарлик қилиш, банк карталаридан ноқонуний фойдаланиш, шахсий маълумотларни қўлга киритиш, сохта аккаунтлар орқали алдаш, махфий паролларни ўғирлаш каби жиноятлар сўнгги йилларда кўпайиб бораётгани ташвишли ҳолдир.
2025 йил давомида Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида жами 518 та жиноят қайд этилди. Шундан 151 таси, яъни 29,2 фоизи ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган. Бу эса ҳар бир фуқародан интернетдан фойдаланишда юқори даражадаги ҳушёрлик ва масъулият талаб этилишини кўрсатади.
Шу муносабат билан туман аҳолисини қуйидаги хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этишга чақираман:
• ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали келган шубҳали ҳаволалар, файллар ва иловаларни очмаслик;
• шахсий маълумотлар, банк карта реквизитлари, амал қилиш муддати ҳамда SMS орқали келган махфий кодларни ҳеч кимга ошкор қилмаслик;
• номаълум шахслардан келган қўнғироқ ва хабарларга ишонмаслик;
• фирибгарлик аломатлари аниқланган тақдирда, зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш.
Ҳар бир фуқаронинг онгли муносабати, ҳушёрлиги ва фаол фуқаролик позицияси жиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Фақатгина барчамизнинг бирдам ҳаракатимиз орқалигина тинч, хавфсиз ва осуда ҳаётни таъминлаш мумкин.

