ПҚ-1 қарори ижроси доирасида Қўрсой маҳалласида ўрганиш ишлари олиб борилди
2026-01-21 09:00:00 / RO’YXATGA OLISH -2026
Юқори Чирчиқ туман ҳокими Ускенбай Атемов, туман прокурори, Ички ишлар бўлими ҳамда Солиқ инспекцияси раҳбарлари Қўрсой маҳалласида бўлиб, маҳаллада олиб борилаётган бир қатор муҳим йўналишлардаги ишлар билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнларининг бориши, маҳалла еттилиги фаолияти, жиноятчилик ҳолати ва криминаген оғир тоифадаги маҳалла рўйхатидан чиқариш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар атрофлича ўрганилди.
Шунингдек, маҳалла идорасида фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилиб, ташриф буюрган аҳолининг мурожаат ва муаммолари тингланди. Масъул раҳбарлар томонидан билдирилган масалалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Мазкур ташриф маҳаллада давлат идоралари ва аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, фуқаролар муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш ҳамда маҳалла фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилди.

