М А Ъ Р У З А
2026-07-23 11:15:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Юнусобод туман прокурори адлия катта маслаҳатчиси Я.А.Абдураҳмоновнинг
Юнусобод туманида криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича Амалга оширилган ишлар юзасидан
МАЪРУЗАСИ
Ассалому алайкум, ҳурматли туманимиз аҳолиси!
Мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда давлат органлари билан бир қаторда маҳалла фаоллари, жамоатчилик ва ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги кунда юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу ўринда, сизнинг рухсатингиз билан туманимиз ҳудудидаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бериб ўтсам!
2026-йилнинг 06 ойида Юнусобод туманининг криминоген вазиятини барқарорлаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, жорий йилда маҳаллалар ва аҳоли гавжум жойларда жами 710 та видеокузатув камералари, кўп қаватли уйларга 293 та замонавий домофон, 379 та ташвиш тугмалари ўрнатилиб, 962 та хонадон техник қўриқловга олинди. Бундан ташқари, 54 та хавфсиз кўча, 36 та хавфсиз уй, шунингдек, 1 та “102” ҳуқуқ-тартибот маскани барпо этилди. чПробация ҳисобида турувчи 951 нафар шахслар билан тегишли суҳбатлар ўтказилиб, шундан, 603 нафарини тузалиш йўлига ўтишига эришилди, қолган 348 нафар жиноят содир этишга мойил ва жиноят содир этиш хавфи юқори шахслар назорат остида масъул ходимларга бириктирилди. 2 252 нафар ёшлар билан учрашувлар ўтказилиб, оғир тоифадаги 231 нафар ёшлар билан профилактика ишлари олиб борилди, низоли 134 та оилалар муҳокама қилиниб, 103 таси яраштирилди, 685 нафар ижтимоий кўмакка мухтож бўлган хотин-қизларнинг муоммолари хал этилди, бандлик масалаларида 672 нафар шахслар билан профилактика ишлари олиб борилиб, шундан, 370 нафар ишсиз, муқаддам судланган ва хориждан қайтган шахсларни тумандаги корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилди. Туманимизда олиб борилган тадбирлар натижасида, 2026 йил 06 ойида, туманда жами жиноятлар 37 тага (585-548), олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 51 тага (294-243), ўғрилик 37 тага (120-83), талончилик 3 тага (6-32) камайган. ишсиз фуқаролар томонидан 48 фоизга, аёллар томонидан 23 фоизга, муқаддам судланганлар томонидан 51 фоизга, ёшлар томонидан 38,5 фоизга камайган.
Ҳурматли фуқаролар!
Юқорида келтирилган ижобий натижаларга қарамай, туманимизда айрим жиноят турлари ҳали-ҳамон содир этилишдан тўхтамаяпти ва криминоген вазиятнинг барқарорлигига ўз салбий таъсирини ўтказмоқда.
Туманда содир этилган жиноятлар таҳлили, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, асосий эътибор хавфсиз маҳалла тамойили асосида фуқароларимизга қулай шарт-шароит яратишга қаратилмоқда.
Хусусан, туманда мавжуд ва аниқланган 48 та спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи дўконларидан 37 таси қонунбузилишига йўл қўйган ҳолда фаолият юритаётганлиги сабабли, шунингдек, 22 та СПА салонларидан 15 таси қонунбузилишига йўл қўйган ҳолда фаолият юритаётганлиги сабабли, 33 та компьтер клубларидан 22 таси фаолияти талабга жавоб бермагани сабабли, шунингдек, 22 та тунги клублардан 2 тасининг фаолияти талабга жавоб бермагани сабабли, уларнинг фаолиятини тўхтатиш ёки қонунга мувофиқлаштириш тўғрисида ваколатли органларга тақдимномалар киритилди.
Ҳурматли туманимиз аҳолиси!
Юнусобод туман прокуратураси томонидан қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади. Биз учун ҳар бир фуқаронинг тинч ва осойишта ҳаёт кечириши, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. Бу эзгу мақсадларга эришишда сиз азиз юртдошларимизнинг фаоллиги, ҳушёрлиги ва ҳамкорлиги алоҳида аҳамиятга эга. Сизлардан қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлишингизни, ҳуқуқбузарликларга бефарқ бўлмаслигингизни ҳамда жамоат хавфсизлигига дахлдор ҳар қандай ҳолатлар ҳақида ваколатли давлат органларига ўз вақтида хабар беришингизни сўраймиз. Юнусобод туман прокуратураси қонунийлик, адолат ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар этади. Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга файзу барака, юртимизга тинчлик ва осойишталик тилаймиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!
