“ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ”
2026-04-24 15:50:00 / Yangiliklar

Мазкур тадбирда вилоятдаги етакчи олий таълим муассасалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда умумтаълим мактабларнинг битирувчи синф ўқувчилари фаол иштирок этдилар. Тадбир давомида иштирокчиларга олий таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар, мавжуд таълим йўналишлари, қабул жараёнлари, кредит-модул тизими, стипендия ва грант имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир давомида олий таълим муассасалари томонидан тақдимотлар ўтказилиб, унда ҳар бир университет ва институтнинг йўналишлари, замонавий моддий-техник базаси, илмий салоҳияти, халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳамда талабаларга яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, абитуриентлар учун муҳим бўлган қабул жараёнлари, тест синовлари тартиби, ҳужжат топшириш босқичлари, кредит-модул тизимининг афзалликлари, стипендия ва давлат грантлари ҳақида тушунчалар берилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита мутахассислардан жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар. Бу эса ўқувчиларнинг олий таълим тизими ҳақидаги тасаввурларини янада кенгайтириб, уларнинг келажакдаги таълим йўналишини аниқ белгилаб олишларига хизмат қилди.
Тадбир якунида ўқувчилар ва олий таълим муассасалари вакиллари ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилиб, касб танлаш, замонавий меҳнат бозори талаблари ҳамда рақобатбардош мутахассис бўлиш йўллари юзасидан фойдали тавсиялар берилди.
Очиқ мулоқотда туман ҳокими ўринбосари Шероз Мирзалиев иштирок этиб, ўқувчи-ёшларга ўзининг керакли тавсияларини берди.
Мазкур “Очиқ эшиклар куни” тадбири ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олишга бўлган интилишини кучайтириш ва келажакда етук мутахассислар бўлиб етишишига замин яратишда муҳим аҳамият касб этди.








