Пайшанба – Ёшлар куни
2026-04-16 16:10:00 / Yangiliklar

Президентимиз томонидан юртимизда ҳафтанинг ҳар пайшанбаси – Ёшлар куни этиб белгиланганидан буён, туманимизда шу куни ёшлар иштирокида қатор тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Бугун туман ички ишлар бўлимида ёшлар учун “Очиқ эшиклар” куни ўтказилди. Тадбирнинг асосий мақсади – ёшлар билан жойларда бўлаётган мулоқотларда ички ишлар органларига ишга кириш ва фаолиятларига қизиқиш билдирганлар учун амалда жавоб беришдан иборатдир.
Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Шероз Мирзалиев, туман прокурори Жаҳонгир Акбаров, ИИБ бошлиғи Умиджон Икромов шахсий таркиби билан ҳамда ёшлар ишлари агентлиги вакиллари иштирок этишди.
Учрашув аввалида масъуллар юртимизда ёшларга берилаётган эътибор, имтиёз ва имкониятлар ҳақида гапириб ўтишди. Ички ишлар органларида ишлаш масъулият талаб этилиши айтилди.
Ёшларга техникалар, қурол-аслаҳалардан фойдаланиш бўйича амалда тушунчалар берилди. ИИБда фаолият юритувчи ходимлар иш фаолиятлари билан танишилиб, суҳбатлар ўтказилди.
Тадбир доирасида бўлим мажлислар залида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкилланди. Ёшларни қизиқтирган саволларига жавоблар қайтарилди. Якунда “Уч қаҳрамон” номли ўзбекфильми намойиш этилди.
Ёшлар ўтказилган тадбирлардан хурсанд бўлишиб, уларга қаратилган эътибор учун миннатдорчиликларини билдиришди.







