Пенсия тизими ҳақида умумий тушунча
2025-07-21 10:50:00 / Yangiliklar
Пенсия тизимлари Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамғариб бориладиган пенсия тизимлари мавжуд. Давлат пенсия таъминоти тизимида - пенсиялар фуқаронинг иш ҳақи ва иш стажидан келиб чиққан ҳолда тайинланади. Давлат пенсияси солидар тизимга асосланган бўлиб, бугунги кундаги иш берувчилар ва ишловчилар томонидан Пенсия жамғармасига тўланган ижтимоий солиқ ҳисобидан хозирги пенсионерларга пенсия тўланади. Жамғариб бориладиган пенсия тизими – ходимнинг иш ҳақидан 0,1% миқдорда мажбурий чегирилган бадаллар ҳисобига жамғарилган маблағлар ҳисобидан тўланадиган пенсия. Бунда, фуқароларга ўзларининг иш ҳақидан ихтиёрий равишда жамғариб бориладиган пенсия тизимига қўшимча бадал тўлаш ҳуқуқи берилган. Пенсия ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга, эканлиги белгиланган. “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган бўлиб, фуқаролар қариганда - ёшга доир, меҳнат қобилиятини тўлиқ ёки қисман йўқотганда - ногиронлик ҳамда боқувчисиз қолганда - боқувчисини йўқотганлик пенсиялари билан таъминлаш кўзда тутилган. Ёшга доир пенсия олиш учун эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар. Бунда, камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тўлиқсиз ёшга доир пенсия тайинланади. Ногиронлик пенсияси қонунчиликда белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлиги белгиланган шахсларга тайинланади. Бунда, ногиронлик белгиланган фақтда қуйидагича иш стажига эга бўлиши талаб этилади: - 23 ёшга қадар – 2 йил; - 23 ёшдан 26 ёшга қадар – 3 йил; - 26 ёшдан 31 ёшга қадар – 5 йил; - 31 ёшдан 36 ёшга қадар – 7 йил; - 36 ёшдан 41 ёшга қадар – 9 йил; - 41 ёшдан 46 ёшга қадар – 11 йил; - 46 ёшдан 51 ёшга қадар – 14 йил; - 51 ёшдан 56 ёшга қадар – 17 йил; - 56 ёш ва ундан ошганда – 20 йил. Боқувчисини йўқотганлик пенсияси вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига тайинланади. Бунда, вафот этган фуқаронинг фарзандларига 18 ёшга қадар (агар ўқиса 23 ёшгача) пенсия тўланади. Статистика Жорий йил 1 июль ҳолатига пенсия олувчилар сони 4 202,5 минг нафарни ташкил этади. Шундан, Ёшга доир пенсия – 3 477,9 минг нафар; Ногиронлик пенсияси – 475,5 минг нафар; Боқувчисини йўқотганлик пенсияси – 249,1 минг нафар. Бу жами аҳолининг 11 фоизини ташкил этади. № Ҳудудлар номи Аҳоли сони Пенсия олувчиларни умумий сони Аҳолига нисбатан улуши %да шундан: ёшга доир ногиронлик боқувчисини йўқотган Республика бўйича 37 859 700 4 202 535 11,1 3 477 949 475 510 249 076 1 Қорақалпоғистон Республикаси 2 040 700 225 315 11,0 173 318 35 888 16 109 2 Андижон вилояти 3 487 900 393 743 11,3 331 315 39 639 22 789 3 Бухоро вилояти 2 089 400 266 324 12,7 217 875 35 958 12 491 4 Жиззах вилояти 1 551 700 143 703 9,3 112 643 18 038 13 022 5 Қашқадарё вилояти 3 673 700 377 245 10,3 306 760 45 741 24 744 6 Навоий вилояти 1 103 300 141 084 12,8 106 243 26 053 8 788 7 Наманган вилояти 3 158 400 329 260 10,4 268 408 38 119 22 733 8 Самарқанд вилояти 4 335 700 447 881 10,3 378 076 44 058 25 747 9 Сирдарё вилояти 938 500 107 576 11,5 81 071 19 734 6 771 10 Сурхондарё вилояти 2 974 400 282 350 9,5 227 574 34 611 20 165 11 Тошкент вилояти 3 134 100 380 680 12,1 320 095 33 898 26 687 12 Фарғона вилояти 4 181 000 495 634 11,9 432 289 43 058 20 287 13 Хоразм вилояти 2 045 700 233 034 11,4 192 255 28 066 12 713 14 Тошкент шаҳар 3 145 200 378 706 12,0 330 027 32 649 16 030 Пенсионерлар сони 2025 йил 1 июль ҳолатига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 98,1 мингта (ёки 2,4 фоизга) ошган. 2024 йилда жами 306,0 мингта пенсия янги тайинланган. Шундан, Ёшга доир пенсия – 242,7 минг нафар; Ногиронлик пенсияси – 44,5 минг нафар; Боқувчисини йўқотганлик пенсияси – 18,8 минг нафар. Пенсия формуласи Пенсия миқдори* қуйидаги формула асосида ҳисобланади: П = ПТМ+ОС+ПУ Бунда, ПТМ - пенсиянинг таянч миқдори; ОС – ортиқча иш стажи учун пенсиянинг оширилиши; ПУ - пенсияга қўшиладиган устама ҳақлардан. Пенсиянинг таянч миқдори (ПТМ)- ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи миқдори; Маълумот учун: ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашда фуқаронинг сўнгги 10 йиллик меҳнат фаолиятидаги энг яхши кетма-кет 5 йиллик иш ҳақи инобатга олинади. Бунда, пенсия ҳисоблаш базавий миқдори (471 минг сўм) нинг 12 каррасидан (5 652,0 минг сўмдан) юқори иш ҳақи инобатга олинмайди. Аввалги йиллардаги иш ҳақи ўтган даврларда иш ҳақининг ошиш коэффициентини инобатга олган ҳолда замонавийлаштирилади, яъни бугунги кундаги қиймати ҳисобланади. Иш стажи учун пенсиянинг оширилиши (ОС) - пенсия тайинлашда талаб этиладиганидан ортиқ ҳар бир йил стаж учун ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи (боқувчисини йўқотганлик пенсиясида 0,5 фоиз) миқдори пенсияга қўшилади. Пенсияга қўшиладиган устама ҳақлар (ПУ)– Ўзбекистон республикаси олдидаги алоҳида хизматлари учун унвонга эга бўлган шахслар (мисол учун, Халқ арбоби, Ўзбекистон қаҳрамони ва бошқа)га қўшимча тўлов. *пенсияларнинг энг кам миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги белгиланган. Мисол: фуқаро (эркак) 40 йил иш стажига эга, ҳисобланган ўртача иш ҳақи миқдори 4,5 млн.сўмни ташкил қилади, шунингдек “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” фахрий унвонига эга. Пенсия миқдори қуйидагича ҳисобланади: Пенсиянинг таянч миқдори – 4,5 млн.сўм * 55% = 2 475 минг сўм; Талаб қилингандан ортиқча иш стажи – 15 йил (умумий 40 йил – талаб қилинган 25 йил)нинг ҳар бир йили учун 1%дан 15% иш стажи учун пенсия миқдори оширилади - 4,5 млн.сўм * 15% = 675 минг сўм; Пенсияга қўшиладиган устама ҳақ - “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” фахрий унвони учун базавий ҳисоблаш миқдори(412 минг сўм) нинг 160% миқдорида устама ҳақ қўшиб берилади: 412 минг сўм*160%=659,2 минг сўм Жами пенсия миқдори: 2 475 минг сўм + 675 минг сўм + 659,2 минг сўм = 3 809,2 минг сўмни ташкил қилади. Пенсия тайинлашга мурожаат Ўзбекистонда пенсия тизими босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Бугунги кунда, ёшга доир ва ногиронлик пенсияларини фуқароларнинг мурожаатисиз “проактив” шаклда тайинлаш жорий этилган. Яъни, фуқарога пенсия тайинлаш учун ҳеч бир давлат органига мурожаат қилиши талаб этилмайди. Проактив шаклда пенсиялар фуқаронинг тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларида мавжуд электрон маълумотлари асосида инсон омилисиз автоматик тарзда ҳисобланади. Жумладан, - Электрон ҳукумат платформасидан –шахсга доир маълумотлар; -“Ягона миллий меҳнат тизими”дан – иш стажи маълумотлари; - ФҲДЁ ахборот тизимидан – оила таркиби маълумотлари; - Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот тизимидан – олий ўқув юртларидаги ўқиш даври маълумотлари; - Халқ банкидан – 2005-2015 йиллардаги иш ҳақи маълумотлари; - Солиқ қўмитасидан – 2016 йилдан кейинги давр иш ҳақи маълумотлари. Боқувчисини йўқотганлик пенсиялари тайинлаш учун фуқаролар Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда мурожаат қилишлари мумкин. Эслатма! Келажакда пенсия муаммосиз тайинланиши учун фуқаролар ҳозирдан меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларини рақамлаштирилганлигига жиддий эътибор қилишлари керак. Бунинг учун ишламайдиган фуқаролар Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилган ҳолда бепул равишда меҳнат дафтарчаларидаги маълумотларни рақамлаштириб олишлари мумкин. Ишловчи фуқаролар иш берувчидан меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлари рақамлаштириб борилаётганлигини талаб қилиши лозим. Фуқаролар маълумотларни рақамлаштирилганлигини my.gov.uz портали орқали текшириб боришлари мумкин. Пенсияни қайта ҳисоблаш Тайинланган пенсиялар қуйидаги ҳолатларда қайта ҳисобланиши мумкин: - пенсия тайинлангандан сўнг иш ҳақи ва иш стажини тасдиқловчи қўшимча маълумотлар аниқланганда; - ногиронлик гуруҳи ўзгарганда; - ногиронлик пенсияси тайинлангандан сўнг камида 1 йил ишлаганда; - боқувчиси йўқотганлик пенсияси олувчи оила аъзолари сони ўзгарганда; - Президент қарор ва фармонларига мувофиқ пенсия миқдорлари оширилганда. Маълумот учун: пенсия миқдори йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари (тарифлари) индекси (инфляция) даражасининг ўсиш суръатлари ҳисобга олинган ҳолда индексация қилинади (оширилади). Амалиётда кўплаб ҳолларда фуқароларнинг иш ҳақи маълумотлари архив идораларида ёки ташкилотларда тўлиқ сақланмаганлиги ва иш стажи маълумотлари рақамлашмаганлиги сабабли пенсия мавжуд маълумотларга асосан тайинланади. Фуқароларга иш ҳақи ёки иш стажини тасдиқловчи қўшимча маълумотларни тақдим этиш ва пенсияни қайта ҳисоблаш ҳуқуқи берилган. Бунда, фуқаролар 3 ой давомида қўшимча маълумотларни тақдим этганда пенсия бирламчи тайинланган санадан бошлаб қайта ҳисоблаб, ўтган давр учун пенсия фарқи тўлаб берилади. Пенсияларни молиялаштириш Пенсия тўловлари корхона ва ташкилотлар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ тушумлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда, ижтимоий солиқ ставкаси иш ҳақи фондидан бюджет ташкилотлари учун 25 фоиз ва бюджетдан ташқари ташкилотлар учун 12 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, хусусий тадбиркорлар (ҳар ой учун камида базавий ҳисоблаш миқдори (412 минг сўм)нинг 1 баробари) ва ўзини-ўзи банд қилган шахслар томонидан (бир йил учун камида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари миқдори иҳтиёрий) ижтимоий солиқ тўланади. Давлат пенсия тизимига ходимлар томонидан ижтимоий солиқ тўланмайди. Шунингдек, пенсия тўловлари учун қонун билан Жамғармага республика бюджетидан трансфертлар ажратиш ҳам белгиланган. Маълумот учун: жорий йил июль ойи ҳолатига 4,2 млн. нафар пенсионерларга бир ойлик пенсия тўлови миқдори 6,7 трлн. сўмни ташкил этади. Пенсияларни тўлаш Пенсиялар фуқароларнинг танловига кўра нақд пул шаклида ёки банк пластик карталари орқали амалга оширилади. Бунда, пенсионер банк картаси орқали пенсия олиш учун тижорат банкини иҳтиёрий равишда танлайди. Маълумот учун: бугунги кунда фуқароларнинг 85 фоизига нақдсиз ва қолган 15 фоизига нақд шаклда тўловлар амалга оширилмоқда. Нақд пул шаклида тўловлар Халқ банки сайёр кассалари томонидан ҳар ойнинг 4-27 санасида тасдиқланган графикларга асосан фуқароларга етказилади. Ногиронлиги бўлган шахслар ва мустақил ҳаракатланиш имконияти йўқ пенсионерларга сайёр кассалар томонидан уларнинг яшаш жойига етказилади. Бунда, пенсияларни нақд шаклда етказилганлиги учун фуқаролардан ҳеч қандай хизмат ҳақлари тўланмайди ҳамда пенсияларни етказиш харажатлари Пенсия жамғармаси томонидан қопланади. Банк картаси орқали тўловлар ҳар ойнинг 5 санасига қадар юклаб берилади. Бунда, банк картаси орқали олувчиларнинг пенсиясига ҳар ойда пенсия пулининг 1 фоизи қўшиб тўланади. Маълумот учун: пенсионер пенсиясини банк картасига ўтказиш учун аризани Пенсия жамғармаси бўлимига келмасдан, тижорат банки филиали ёки мобиль иловаси орқали электрон шаклда расмийлаштириш имконияти яратилган. Пенсиялар ишончнома бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин. Пенсиялардан чегирмалар Пенсиялар суднинг ҳал қилув қарорлари асосида чегирилиши мумкин. Бунда, Мажбурий ижро бюроси томонидан пенсионернинг қарздорлиги миқдори ва муддатлари бўйича маълумотлар ахборот тизими орқали электрон шаклда тақдим этилиб, Пенсия жамғармаси томонидан автоматик равишда чегирма белгиланади ва фуқарога смс хабар юборилади. Чегирмалар миқдори бир ойлик пенсия миқдорининг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас. Пенсиялар тўловини тўҳтатиш Пенсиялар фуқаро вафот этганда, хорижий давлатга доимий яшаш учун кўчиб кетганда, озодликдан маҳрум этилганда, ногиронлик муддати тугаши, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи бола 18 ёш (ўқиса 23 ёш)га тўлганда ёки пенсияга бўлган ҳуқуқлари йўқотган бошқа ҳолларда тўхтатилади.
