Урганч туманида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.
2026-03-30 15:30:00 / Yangiliklar

Урганч туманида 2026 йил 1-чорагида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида муайян ишлар олиб борилди.
Туманда 2026 йил 1-чорагида жами 197 (2025 йил 1-чорагида 66) та жиноятлар ҳисобга қўйилиб, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 198,5 фоизга ёки 131 тага кўпайган.
Умумий жиноятлар 100.000 нафар аҳолига ҳисоблаганда 88,3 тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 191,5 фоизга кўпайган.
Шундан, олди олинадиган жиноятлар 30 (27) тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 тага ёки 11 фоизга ошган.
Шу жумладан, олди олинадиган жиноятлардан йўл транспорт ҳодисаси жиноятлари 87,5 фоиз (8-15)га ошган.
Шунингдек, туманда аниқланадиган жиноятлар 35 (26) тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 тага ёки 34,6 фоизга ошган.
Бундан ташқари, ахборот технологиялари ёрдамида (кибер) содир этилган жиноятлар 132 (13) тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 119 тага ёки 915 фоизга ошган.
Юқоридагилардан кўринадики, туманда йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳамда ахборот технологиялари ёрдамида (кибер) содир этилган жиноятлар ошган.
Шу сабабли фуқаролар қуйидагиларга амал қилиши лозим:
- мол-мулкларни қаровсиз ва назоратсиз қолдирмаслик;
- йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш;
- банк карталари ва шахсий маълумотларни сир сақлаш;
- интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли хил ютуқли ўйинлар, хайрия ва нафақа эълонларига учмаслик учун расмий манбалардан фойдаланиш;
- пул маблағлари тарқатилаётганлиги ҳақидаги ёлғон хабарлардан эҳтиёт бўлиш лозим бўлади.
Бу борада аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олиш ҳамда бартараф этишда фаол ҳамкорликка чақирамиз.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган мажлисида муҳтарам Президентимиз томонидан келгусида долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Шу сабабли, барча куч ва воситаларимизни жиноятларнинг оқибати билан курашишга эмас, уларни келтириб чиқараётган туб сабаб ва омилларни аниқлашга ҳамда ўз вақтида бартараф этишга сафарбар қиламиз.
Бу борада барча давлат ва нодавлат тузилмалари, ҳокимлик, кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқамиз, жамиятимизда коррупцияга қарши курашиш муросасиз муҳитини шакллантиришнинг барча чораларини кўрамиз.
Туманда коррупцияга қарши муросасизлик, жиноятга жазо муқаррарлиги тамойили асосида қатъий назорат ўрнатилади.
Коррупцияни фош этишга доир ҳамкорликдаги тадбирларни янада жадаллаштирамиз, аҳоли ва тадбиркорларни, шу жумладан инвесторларни жиноий тажовузлардан ҳимоялаш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Бунинг учун барчангизни жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни барвақт олдини олишга, коррупцияга қарши биргаликда курашишга чорлаган ҳолда корхона, муассаса ва тегишли ташкилотларда юзага келаётган коррупциявий ҳолатлар ҳақида ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълум қилишингизни сўрайман.
Барчангизни туманимизни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш учун бирлашишга чақириб қоламан.
Эътиборингиз учун раҳмат.
