Инвестиция, экспорт ва туризм соҳасидаги устувор вазифалар ижроси ўрганилди
2026-05-14 17:00:00 / Yangiliklar

Ҳафталик иш режасига мувофиқ, чоршанба куни инвестициялар, экспорт ва туризм соҳасини ривожлантириш борасидаги вазифалар ижросини ўрганиш куни сифатида белгиланган.
Шу муносабат билан Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иш кунини Нидерландия Қироллигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Нико Схермерс бошчилигидаги делегация билан учрашувдан бошлади. Учрашувда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, логистика, яшил энергетика, илм-фан йўналишларида алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг Термиз шаҳридаги Ат-Термизий кўчасида барпо этилаётган меҳмонхона қурилиши лойиҳаси кўздан кечирилди. Ўрганиш давомида Президентимиз томонидан туризм соҳасини ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш ва воҳамизнинг туризм салоҳиятини хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан ахборот берилди.
Кейинги манзил Термиз туманидаги “Термиз халқаро савдо маркази” бўлди. Бу ерда янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари ташкил этилган бўлиб, тикувчилик ва қандолатчилик йўналишларидаги лойиҳалар ҳисобига 300 га яқин фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Вилоят раҳбари лойиҳаларни янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди. Шунингдек, “Термиз” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритиш истагида бўлган тадбиркорлар билан учрашув ўтказилиб, қурилиш ишларини жадаллаштириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш вазифалари белгиланди.
Ўрганиш ишлари Қумқўрғон туманида давом этди. Дастлаб, “Темир Бетон” МЧЖ фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда ҳудудга салоҳиятли тадбиркорларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Масъулларга ишларни белгиланган талаблар асосида ташкил этиш ва режалаштирилган иш ўринларини тўлиқ яратиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, “Жанубий Сурхон” сув омбори ҳудудида барпо этилаётган туризм комплекси қурилиши ҳам кўздан кечирилди. Қурилиш ишларини жадаллаштириш ва лойиҳани сифатли амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Ташриф якунида Шўрчи туманида 6,9 гектар майдонда ташкил этилаётган бананчилик комплексида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Масъулларга қурилиш ва таъмирлаш ишларини жадаллаштириш вазифаси юклатилди.
Иш куни якунида вилоят ҳокимлигида инвесторлар ва экспортёр тадбиркорлар билан учрашув ўтказилиб, соҳадаги мавжуд муаммолар, янги таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.




