Аҳоли бандлиги, тадбиркорлик ва маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди
2026-05-13 11:00:00 / Yangiliklar

Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида йиғилиш ўтказилди. Унда оилавий тадбиркорлик ва бошқа дастурлар доирасида маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан ажратилган кредит маблағларининг қайтарилиши, уларни қайта молиялаштиришга йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда тижорат банклари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳудудлардаги мавжуд ҳолат юзасидан ахборот берди. Масъулларга кредит маблағлари қайтарилишини таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, 2 318 нафар ишсиз фуқаронинг ўзини ўзи банд қилиши ҳамда барқарор даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш мақсадида ссуда асосида 2 711 та асбоб-ускуна ва жиҳоз топширилди.
Шундан сўнг, Жарқўрғон туманида яшовчи Эшмурод Чориевга Президент томонидан ажратилган “Ҳаж сафари” йўлланмаси тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Сариосиё, Бандихон, Қумқўрғон ва Ангор туманларида ҳам сертификатлар ўз эгаларига етказилди.
Ташриф доирасида Лойқанд маҳалласида яшовчи Лола момонинг ипак қурти парваришидаги кўп йиллик тажрибаси билан танишилди. Шунингдек, “Фабулло строй сервис” МЧЖнинг газобетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти кўздан кечирилди.
Шу ернинг ўзида мутасаддилар томонидан “Янги Ўзбекистон қиёфаси” дастурига киритилган маҳаллаларда амалга оширилаётган инфратузилма ишлари, давлат активлари ҳисобидаги бўш турган объектлар ҳамда истиқболли лойиҳалар юзасидан ҳисоботлар тақдим этилди.
Йиғилишда саноатда маҳаллийлаштириш лойиҳалари ижроси ва белгиланган вазифалар ҳам муҳокама қилиниб, фаолиятсиз корхоналарни қайта тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Масъулларга бу борада ишларни тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Ўрганишлар якунида “Тракк 777” МЧЖнинг чорвачилик комплекси фаолияти билан танишилди. Қайд этилганидек, лойиҳа доирасидаги қорамоллар Сурхондарё вилояти ҳокимининг Новосибирск шаҳрига амалга оширган ташрифи давомида эришилган келишувлар асосида олиб келинган.



