Аграр соҳадаги вазифалар ижроси муҳокама қилиниб, келгуси чора-тадбирлар белгилаб олинди
2026-03-16 12:00:00 / Yangiliklar

Сурхондарё вилояти аграр соҳадаги бой тажрибаси, унумдор тупроқлари ва сархил маҳсулотлари билан мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудлардан бири саналади. Қишлоқ хўжалиги тармоғи эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, доимий равишда устувор йўналишлардан бири сифатида эътибор қаратилади.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон туманида бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳамда белгиланган вазифалар ижроси билан танишди.
Шунингдек, туманлар студиялари орқали кластерлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва мутасаддилар иштирокида қишлоқ хўжалиги соҳасида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Хусусан, ғалла майдонларини парваришлаш, озиқлантириш ва суғориш ишларини самарали ташкил этиш, фунгитсид ва гербитсидлар билан ишлов бериш, маҳаллий ўғит ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, фермер хўжаликларини имтиёзли кредитлар билан таъминлаш, яйловлардан самарали фойдаланиш, янги боғзорлар барпо этиш каби йўналишлар бўйича белгиланган 16 та устувор вазифа ижроси юзасидан марказий ва ҳудудий студиялар орқали масъулларнинг ахборотлари тингланди.
Муҳокамаларда “Шинжон” усулида пахта етиштириш истагини билдирган фермер хўжаликларини уруғлик ва плёнка учун зарур ресурслар билан таъминлаш, шунингдек, танлаб олинган 2054 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳудудлар ва тармоқлар кесимида масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Шу билан бирга, кластерлар ва фермер хўжаликлари билан манзилли ишларни кучайтириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
