Ёнғин ва ис гази хавфсизлиги бўйича “Долзарб 70 кунлик” профилактик тадбирларига старт берилди
2025-12-12 14:35:00 / Yangiliklar

Сурхондарё вилоятида қиш мавсумида юзага келиш эҳтимоли юқори бўлган ёнғинлар ва ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг 1-30-декабр кунлари ўтказилаётган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бугун мазкур ойлик доирасида, аҳолини қиш мавсумида ис гази ва бошқа фавқулодда ҳолатлардан ҳимоя қилиш, хатарли вазиятларнинг олдини олишга қаратилган навбатдаги йиғин ўтказилди. Тадбир Сурхондарё вилояти ҳокими – фуқаро муҳофазаси бошлиғи Улуғбек Қосимов раҳбарлигида, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ФВДҚТ куч тузилмалари ходимлари, “маҳалла еттилиги” мутасаддилари, шунингдек, видео-конференсалоқа орқали шаҳар ва туманлар масъуллари иштирокида, махсус техникалар жалб этилган ҳолда ўтказилди.
Вилоят ҳокими ҳудудлар, соҳалар ва тармоқлар кесимида қиш мавсумини хавфсиз ва барқарор ўтказиш, энергия ресурсларини узлуксиз етказиш, узилишларни олдини олиш вазифаларини белгилаб берди. Шунингдек, мазкур йўналишдаги ишлар тизимли ташкил этилиши мақсадида “Долзарб 70 кунлик” профилактик чора-тадбирларига старт берилди.
Шунингдек, “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа обектлари ва бошқа иншоотларни ёнғин ва ис гази хавфидан ҳимоя қилиш бўйича хатловдан ўтказиш ҳамда камчиликларни бартараф этишга қаратилган зарур чораларни амалга ошириш топширилди.









