РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-11-06 16:20:00 / Yangiliklar

Ижтимоий тармоқлар орқали фуқаро Мелибоева Барчиной Нурмуҳаммадовна томонидан уй-жой масаласида ҳамда туман ҳокими қабулига кира олмаганлиги юзасидан йўлланган мурожаат бўйича Қува тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Аниқланишича, жорий йилнинг 3 ноябрь куни фуқаро Б.Мелибоева уй-жой масаласида Қува тумани ҳокимлигига мурожаат қилган. Мурожаат фуқаронинг иштирокида туман ҳокимлиги девонхона мудири ҳамда Оила ва хотин-қизлар бўлими бош мутахассиси томонидан тингланган.
Мурожаатни ўрганиш давомида фуқаро 1979 йилда Қува тумани Гулистон МФЙда туғилганлиги, бироқ 2000 йилдан буён туман ҳудудида истиқомат қилмаслиги, дастлаб Фарғона шаҳрининг Қирғули мавзесида, айни вақтда эса Қувасой шаҳри Чўлпон МФЙ, Алишер Навоий кўчасида ижара асосида яшаб келаётганлиги маълум бўлди.
Фуқарога уй-жой билан таъминланишнинг амалдаги тартиб-таомиллари, шунингдек, моддий ёрдам олиш масаласида доимий ёки амалда истиқомат қилаётган манзили бўйича белгиланган тартибда мурожаат қилиш имкониятлари юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, фуқаронинг мурожаати туман ҳокимлиги масъул ходимлари томонидан тингланган ва унинг кўтарган масалалари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган. Шу сабабли, мурожаат умуман тингланмаганлиги ёки фуқаро билан мулоқот қилинмаганлиги ҳақидаги билдирилган важлар ўрганиш давомида ўз тасдиғини топмади.
Қува тумани ҳокимлиги фуқароларнинг мурожаатларини қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ваколат доирасида амалий ёрдам кўрсатишга доимо тайёр эканлигини маълум қилади.
