РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-10-13 17:40:00 / Yangiliklar

Ижтимоий тармоқларда Қува тумани Кандабулоқ маҳалла фуқаролар йиғини, Тинчлик кўчаси, 96-уйда яшовчи фуқаро Лочинбек Тўйчиевнинг ижтимоий ёрдам кўрсатиш масаласидаги мурожаати юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Мазкур мурожаат тегишли тартибда ўрганилди. Ўрганиш давомида фуқаро Лочин Тўйчиев 2026 йил 15 июндан давлат таъминотидаги оилалар рўйхатига киритилгани, руҳий касалликлар шифохонасида мунтазам даволаниб келаётгани ҳамда руҳий касаллик бўйича II гуруҳ ногиронлиги мавжудлиги аниқланди. Шунингдек, у кам таъминланган оилалар учун белгиланган болалар нафақасини мунтазам олиб келмоқда.
Фуқарони ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2026 йил апрель ойида озиқ-овқат харажатларини қоплаш учун 412 минг сўм, кийим-кечак харажатлари учун 2 миллион 60 минг сўм миқдорида маблағ ажратилган. Рамазон ойида 1 миллион сўм бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган, Қурбон ҳайити муносабати билан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. Бундан ташқари, ҳомийлик ёрдами асосида ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари билан мунтазам таъминлаб келинмоқда. Июль ва октябрь ойларида озиқ-овқат харажатларини қоплаш мақсадида ваучер асосида ҳар бир давр учун 1 миллион сўмдан маблағ ажратилган.
Фуқаронинг қўшимча даромад манбайини яратиш, томорқадан самарали фойдаланишига кўмаклашиш мақсадида томорқасининг 1 сотиҳ қисмига субсидия маблағлари ҳисобидан иссиқхон қуриб берилган.
Фуқаронинг уй-жойини таъмирлаш бўйича мурожаати юзасидан ҳозирги кунда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилганидан сўнг, амалдаги талаблар ва мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, амалий ёрдам кўрсатиш масаласи кўриб чиқилиши фуқарога тушунтирилган.
Айни вақтда фуқарони ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг оилавий шароитини яхшилаш ҳамда уй-жойини таъмирлаш масаласини қонуний тартибда ҳал этиш бўйича тегишли ишлар давом эттирилмоқда. Шунингдек турмуш ўртоғини бандлигини таъминлаш мақсадида касб-ҳунарга ўқитиш белгилаб олинди.
