Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот:тадбиркорликка оид қонунчиликда нималар ўзгаради?
2026-09-24 09:45:00 / Yangiliklar
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот:тадбиркорликка оид қонунчиликда нималар ўзгаради?
Ҳар қандай давлатнинг иқтисодий қудрати, жамиятда тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, инвестиция ва ишбилармонлик фаоллиги билан чамбарчас боғлиқдир. Чунки, тадбиркор ўз ҳисобидан янги корхона ташкил этади, товар ишлаб чиқаради, хизматлар кўрсатади, қўшимча иш ўринлари яратади, давлат бюджетига солиқлар тўлайди.
Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, мазкур соҳа вакилларини ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги ҳамда мазкур масала давлат раҳбарининг доимий назоратида эканлиги бежиз эмас.
Мамлакатимизда ўтган даврда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларни қонуний манфаатларини ҳимоя этишга оид қарийб 1000 га яқин норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Алоҳида қонун билан давлатимизда
20 август тадбиркорлар куни деб белгиланган ва мазкур сана муносабати билан ҳар йили Президентимиз бизнес ҳамжамияти вакиллари билан бевосита очиқ мулоқот шаклида учрашув ўтказиш орқали, бизнес вакилларини муамммолари, таклифлари ва амалий эҳтиёжларини эшитиши анъанага айланган.
Жорий йилнинг 18 август кунида ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда қарийб 500 нафар тадбиркор бевосита, яна 25 мингга яқин бизнес вакили ҳудудлардаги студиялар орқали қатнашди.
Очиқ мулоқот давомида бизнесни молиялаштириш, давлат активларини хусусийлаштириш, экспорт, сунъий интеллект, солиқ ва назорат тизими, қурилиш, туризм ҳамда капитал бозорига оид қатор янги ташаббуслар эълон қилинди.
Энг муҳим бўлган қўйидаги 5 та ташаббус бўйича муҳим йўналишлар белгилаб олинди:
- тадбиркорлик учун “барқарор ўсиш траекторияси”ни таъминлаш;
- ҳудудларда бизнес имкониятларини ошириш;
- “сунъий интеллект – бошқарув самарадорлиги – янги инвестициялар” экотизимини яратиш;
- экспорт салоҳиятини ошириш, миллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш;
-бизнесга маъмурий босимни кескин камайтириш.
Мазкур мулоқот ҳамда уни ташкил қилиш доирасида ўтказилган учрашувларда келиб тушган 14 мингга яқин мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларнинг ечимига қаратилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 27 август кунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 175-сонли Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон асосида тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида ортиқча маъмурий тўсиқларни камайтириш, уларнинг ҳуқуқий ва молиявий ҳимоясини кучайтириш, инновация ва инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда бизнесни барқарор ўсиши учун тизимлаштириш шарт-шароитларини яратишга оид очиқ мулоқотда эълон қилинган бешта ташаббус доирасида энг муҳим бўлган 7 та йўналиш белгилаб берилди.
Жумладан, жиноят иши доирасида, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан, шунингдек, фуқаролар мурожаатлари, қўшилган қиймат солиғини қоплаш (қайтариш) ва тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишлардан ташқари, кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ҳар қандай текширишга уч йил муддатга мораторий эълон қилинди ва мораторий амал қилиш даврида кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ноқонуний ҳисобланади ва ушбу ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Мулоқот давомида Президентимиз тадбиркорлик субъектларини назорат қилувчи идоралар томонидан текширилиши масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, “Иқтисодиётни “соя”дан чиқариш текшириш билан эмас, аксинча, тадбиркорга йўл кўрсатиб, тўғри ишлашга ўргатиш орқали бўлиши керак”, - деди давлат раҳбари нутқи давомида.
Ўрта ва йирик тадбиркорлик субъектлари 2027 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил 31 декабрга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида ўз фаолиятини аудиторлик ташкилотини жалб қилган ҳолда солиқ ва йиғимларни тўғри ҳисоблаш ва тўлаш бўйича ташаббус тарзидаги аудитдан ўтказиш ҳамда аудиторлик хулосасини солиқ органи томонидан тан олиш механизми жорий этилади. Бунда, аудит ўтказилган давр учун солиқ органлари томонидан солиқ аудити ўтказилмайди, (бундан аудит хулосаси билан қамраб олинмаган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатлар мустасно) ҳамда аниқланган хато ва камчиликлар 30 кун муддатда бартараф этилганда тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий жарималар қўлланилмайди;
Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун эса 2026 йил
31 декабрга қадар «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси эълон қилинади, унга кўра иқтисодий амнистия эълон қилингунга қадар юзага келган солиқ қарзи (бундан пеня мустасно) 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўланганда, ушбу қарздорлик бўйича ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади ва улар билан боғлиқ ижро ишлари тугатилади ҳамда аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботларига солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда тузатиш киритилиб, қўшимча ҳисобланган солиқ суммаси 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўланганда ушбу суммага нисбатан пеня ҳисобланмайди;
Фармонга асосан «Тадбиркорлик субъектининг ҳақлилик презумпцияси» институти жорий этилмоқда. Унга кўра давлат органи томонидан акси исботланмагунча тадбиркорлик субъекти (унинг мансабдор шахси) қонунчиликка мувофиқ ҳаракат қилган ва ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган ҳисобланади, судда ёки низони ҳал қиладиган бошқа маъмурий органда давлат органи томонидан тадбиркорлик субъектига (унинг мансабдор шахсига) нисбатан қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чорасининг ёки қабул қилинган қарорнинг асосли, қонуний ва мутаносиб эканлигини, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этилгани фактини исботлаш мажбурияти тўлиқ давлат органи зиммасига юклатилади, қонунчиликда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар, ноаниқликлар ва тушунмовчиликлар, шунингдек, низо доирасида давлат органи томонидан тақдим этилган далилларнинг етарли эмаслиги сабабли юзага келадиган ҳар қандай шубҳалар сўзсиз ва тўғридан-тўғри тадбиркорнинг фойдасига талқин қилинади.
Эндиликда маъмурий суд ҳал қилув қарорларида давлат органи зиммасига ўз қарорини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юкланганда, суд ўзининг ҳуқуқий позициясини баён этади ва ушбу позиция қарорни қайта кўриб чиқишда давлат органи томонидан инобатга олиниши мажбурий ҳисобланади. Бунда, қайта кўриб чиқиш натижаси тадбиркорлик субъектининг ҳолатини давлат органининг аввалги қарорига нисбатан оғирлаштириши мумкин эмас ва давлат органи суд қарори кучга кирган кундан бошлаб ўттиз кун ичида ўз қарорини қайта кўриб чиқиши шарт. Ушбу муддат тугагандан кейин давлат органи томонидан мазкур иш бўйича тадбиркорлик субъектига нисбатан ҳар қандай ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш таъқиқланади.
Очиқ мулоқот давомида Президентимиз тадбиркорларга нисбатан қўлланилаётган жарималар ва уларнинг миқдорларига ҳам алоҳида эътибор қаратди, “Ҳозир 51 та идора молиявий жарима қўллаш ваколатига эга. Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак”, - деб таъкидлади Президент.
Шундан келиб чиқиб, Фармонга биноан мутасадди давлат идораларига уч ой муддатда барча турдаги молиявий ва маъмурий жарималарни тўлиқ хатловдан ўтказиб, мутаносиблик принципидан келиб чиққан ҳолда уларнинг миқдорини ўртача икки баробар камайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топшириғи берилди.
Бундан ташқари Фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида ишлаб чиқиладиган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари тасдиқланган бўлиб, унга кўра 61 та қонун лойиҳаси киритилган.
Мисол учун, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида киритилган қонун лойиҳасида биринчи инстанциядан кейинги ҳар бир юқори турувчи инстанция судларига тадбиркорлар фойдасига ҳал қилинган қарорлар устидан шикоят киритилганда давлат ва назорат органларидан белгиланган тартибда давлат божини ундириш ёки бўлмаса тадбиркорликка оид давлат хизматларида «сукут — розилик» тамойили қўлланишини кенгайтиришга оид Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси назарда тутилган бўлиб, Лойиҳада «сукут — розилик» тамойили тадбиркорликка оид давлат хизматларидан фойдаланишда ариза белгиланган вақтда кўриб чиқилмаса, ушбу мурожаат автоматик равишда тадбиркор фойдасига ҳал қилинган деб ҳисобланиши белгиланади.
Яна бир муҳим янгилик қонунчиликда тадбиркорлик субъектларига жарималар қўллашда “Биринчи хато учун огоҳлантириш” тамойили жорий этилмоқда.
Агар тадбиркор биринчи марта қоидабузарликка йўл қўйган ва бунинг оқибатида одамлар ҳаёти ёки мулкига зарар етмаган бўлса, унга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун вақт бериш ёки солиқ текширувида назорат-касса машинаси чекини бермаслик ҳолати биринчи марта аниқланганда расман огоҳлантирган ҳолда молиявий жарима қўлламаслик ёхуд маркировкалаш қоидалари бузилганлиги аниқланганда биринчи марта огоҳлантириш тартибини жорий этиш каби бизнес вакилига имкон берувчи қонунчилик лойиҳаларини қабул қилиш назарда тутилмоқда.
Турғун Қаҳҳоров, Навоий вилоят суди раис ўринбосари
