Туман ҳокимининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига байрам табриги
2026-09-01 05:15:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Ассалому алайкум, қадрли тумандошлар!
Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб барчамиз учун энг қадрли байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида кенг нишонланмоқда.
Аввало Сизларни, Сизлар орқали барча тумандошларимизни ушбу энг улуғ ва энг азиз байрам билан чин дилдан, самимий табриклайман.
Қадрли тумандошлар!
Мустақиллик — биз учун ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш, бой тарихимиз, маданиятимиз
ва қадриятларимизни тиклаш, келажагимизни ўз қўлимиз билан барпо этиш имкониятини берган
энг олий бахтдир.
Мустақиллик йилларида, айниқса, унинг сўнгги 10 йилида юртимиз дунё ҳамжамиятида ўз муносиб ўрнини эгаллади.
Бунинг натижасида бугун жаҳондаги бир қатор мамлакатлар раҳбарлари Ўзбекистонни ўзининг энг яқин ҳамкор дўсти сифатида эътироф этишмоқда.
Мана шу тарихий давр ичида туманимизда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ҳар бир соҳада катта ютуқларга эришилди. Бугунги кунда туманимизда иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда эришилаётган ютуқларнинг барчаси, аввало, Сиз азизларнинг, 175 мингдан ортиқ фидоий халқимизнинг ҳалол ҳамда тинимсиз меҳнати маҳсулидир. Уй-жойлар, равон йўллар, замонавий поликлиника, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, шинам маҳаллалар эса истиқлол берган имкониятлар шарофатидир.
Азиз тумандошлар!
Йил давомида туманимизнинг ҳар бир маҳалласида бир қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши, ҳудудлар қиёфалари ўзгариши, яшаш шароитларининг яхшиланиши натижасида бу йилги байрам тантаналарини туманимиз аҳолиси ҳар галгидан ўзгача шукуҳда, юқори кайфиятда кутиб олмоқда.
Ҳурматли Президентимизнинг Қарор ва Фармонлари ҳамда тегишли дастурлар асосида жорий йилнинг ўтган даврида туманимизда
- 94 км. йўллар янгидан асфальтлаштирилди ҳамда 150 км. йўлларда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди;
- 102 км.дан ортиқ ички йўллар шағаллаштирилди;
- 20 км. пиёдалар йўлаги қурилди;
- 100 км. янги ичимлик суви тармоғи тортилди;
- 117.8 км. янги электр тармоғи тортилиб, 2 945 та эскирган таянч устунлари бетон устунларга алмаштирилди. 29 та янги трансформаторлар ўрнатилиб, 180 та трансформатор пунктлари ҳамда 374,4 км. электр узатиш тармоқлари жорий таъмирланди.
- Тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган 138 та янги хонадонлар эгаларига топширилди.
- Азизобод ва Бўстон маҳаллаларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, иккала маҳалла ҳам “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла”га айлантирилмоқда.
Шунингдек,
- Қарийб 40 млрд. сўм маблағлар эвазига тумандаги 13-, 14-, 15-, 16-, 18-, 30-, 33-, 37- ва 42-умумий ўрта таълим мактабларида мукаммал таъмирлаш ва қўшимча ўқув блоги қуриш ишлари амалга оширилди;
- Жами 7 млрд. сўмга яқин маблағлар эвазига 19-оилавий поликлиника таъмирланиб,
қўшимча бино қурилди, 20-оилавий поликлиника эса янгидан қурилди.
- Туман марказидаги ва унга туташ маҳаллаларни қамраб олган ҳолда 30 км. канализация тармоғи тортилмоқда.
Туманда иқтисодий йўналишларда ҳам йилдан йилга ўсиш кузатилмоқда.
Хусусан, ҳудудда макроиқтисодий кўрсаткичларнинг сўнгги 2 йилдаги ўсишларини таққослайдиган бўлсак, йиллик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1 144,6 млрд. сўмдан 2 030,8 млрд. сўмга етказилиб, 177,4 фоизга;
хизмат кўрсатиш 1 022,2 млрд. сўмдан 1 571,2 млрд. сўмга (153,7 фоизга);
қурилиш ишлари ҳажмлари 1 370,7 млрд. сўмдан 1 484,1 млрд. сўмга (108 фоизга);
қишлоқ хўжалиги 3 810,4 млрд. сўмдан 4 791,1 млрд.сўмга (125,7 фоизга) ортганини кўриш мумкин.
2026 йил якунлари билан ушбу кўрсаткичларнинг барчасини ўтган йилга нисбатан камида 20 фоизга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.
Албатта, бу каби иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ва бунёдкорлик ишларини узоқ санаб ўтиш мумкин.
Ҳар бир саъй-ҳаракат ва меҳнат негизида фақат бир мақсад — халқимизни рози қилиш, ҳар бир оиланинг бахтли ва фаровон яшашига эришиш мужассамдир.
Лекин эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмаймиз: олдимизда қилиниши керак бўлган ишлар ва янги режалар ҳали жуда кўп. Қизилтепа туманини янада тараққий эттириш, янги марраларни забт этиш ва халқимиз фаровонлигини юксалтириш сари интилишларимиз изчил давом этаверади.
Азиз тумандошлар!
Барчангизни яна бир бор Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклайман.
Ушбу қутлуғ айёмда Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик-тотувлик, файзу барака, Ватанимиз равнақи йўлидаги олийжаноб ва масъулиятли ишларингизда улкан зафарлар тилайман!
Юртимиз доимо тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Байрам барчамизга муборак бўлсин!
Бекзод БОБОМУРОДОВ,
туман ҳокими
