ТУМАН ҲОКИМИНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ
2025-12-31 07:25:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Ассалому алайкум, қадрли тумандошлар ва туманимизнинг азиз меҳмонлари!
Айни пайтда ҳаётимизда ўзининг ўчмас изини қолдирган 2025 йилнинг сўнгги кунларида, 2026 йил
кириб келиши арафасида турибмиз.
Аввало Сизларни, Сизлар орқали барча тумандошларимизни тобора яқинлашиб келаётган Янги – 2026 йил билан чин дилдан табриклайман.
Барчангизга янги йилда янги ғалабалар,
янги марраларни забт этишни тилайман.
Ҳурматли тумандошлар!
Мана шундай масъулиятли дамларда ҳар биримиз тугаб бораётган йилда бажарган ишларимиз,
эришган ютуқларимизни сарҳисоб қилар эканмиз,
кириб келаётган янги йил учун ҳам режаларимизни тузиб, мақсадларимизни белгилаб оламиз.
Ҳеч шубҳасиз, 2025 йил юртимиз учун,
шу жумладан, туманимиз учун ҳам
барча йўналишларда ютуқларга бой, омадли ва баракали йил бўлди.
Эришилган натижаларда эса, шу заминда Ватанимиз тараққиёти учун даҳлдорлик ҳисси билан яшаётган, чин дилдан меҳнат қилаётган ҳар бир тумандошимизнинг алоҳида ўрни бор, албатта.
Қадрли тумандошлар!
Жорий йилда туманимизда аҳоли яшаш шароитларини янада яхшилаш, уларнинг сифатли тиббий ёрдам олиши, ёшларимизни узлуксиз
таълим билан таъминлаш, умуман олганда, тумандошларимиз истиқомат қилаётган манзилларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида, муҳтарам Президентимизнинг қарор ва фармонлари ҳамда тегишли дастурлар асосида:
- тумандаги йўлларнинг 124 километри жорий таъмирланиб, 47 километри асфальтлаштирилди;
- 21 километрдан ортиқ пиёдалар йўлаги қурилди;
- 69 км янги ичимлик суви тармоғи тортилиб,
1 та сув иншооти таъмирланди.
Натижада, туманда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси
81 фоиздан 91 фоизга етказилди.
Шуниндек, 185 км электр тармоқлари янгиланиб,
1250 та таянч устунлари бетон устунларга алмаштирилди ва 8 та янги трансформаторлар ўрнатилди.
- Азизобод ва Оқмачит маҳаллаларида
маҳалла маиший хизмат кўрсатиш марказлари,
Арабхона ва Азизобод маҳаллаларида 50 қатновли оилавий шифокорлик поликлиникалари, Қизилтепа туман тез тиббий ёрдам станцияси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
- 3-умумий ўрта таълим мактабининг
240 ўринли мавжуд биноси мукаммал таъмирланиб, янги 330 ўринли, шунингдек, 36-умумий ўрта таълим мактабида янги 220 ўринли ўқув бинолари қурилди.
Туман марказини янада жозибадор манзилга айлантириш, унда аҳолининг бўш вақтини мароқли ўтказиши учун ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон шоҳ кўчасининг 800 метрдан ортиқ қисмида кенг имкониятларга эга бўлган
24/7 тизимида ишлайдиган кўча ташкил қилинди.
Маданият ва истироҳат боғи
ҳамда Ўлкашунослик музейи тўлиқ қайта таъмирланиб, замонавий фавворалар ва
янги “Нуронийлар маскани” қурилди.
400 дан ортиқ хонадондан иборат жами 8 та кўп қаватли янги уйлар қурилиб, эгаларига топширилди.
Туманимиз Республикада аграр соҳада
доимо илғор туманлар қаторида эътироф этилади.
Жорий йилда ҳам заминимиздаги далалар,
полиз ва боғларимизда ҳосил мўл бўлди.
Бунинг натижасида меҳнаткаш деҳқон ва фермерларимиз илк бор
25 минг 700 тоннадан ортиқ ғалла,
27 минг 375 тонна пахта,
136 минг 800 тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз маҳсулотлари,
26 минг 170 тонна мева ва узум,
380 тонна пилла етиштиришди.
Қадрли тумандошлар!
Янги йилда ҳам олдимизга доимгиданда юқори режаларни белгилаб олганмиз ва уларни амалга оширишда барча имкониятларимиз етарли.
Барча маҳаллаларда аҳоли яшаш шароитларини, янада яхшилаш ишлари изчил давом эттирилади.
Хусусан, 500 дан ортиқ хонадондан иборат жами 10 та кўп қаватли янги уй-жойлар қурилади.
Мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларига зарурий техника воситалари ва жиҳозларни олиб бериш ишлари давом эттирилади.
Тумандаги 13, 14, 15, 16, 18, 30, 33, 37 ва 42 умумий ўрта таълим мактабларида қўшимча қурилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасини
энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш ишлари ҳам давом эттирилиб,
Зарметан маҳалласидаги 19-оилавий поликлиника мукаммал таъмирланади ва қўшимча бино қурилади.
Ўзбекистон шоҳ кўчасидаги 24/7 тизимида ишлайдиган кўча яна 500 метрга узайтирилади.
Шу билан бирга,
- ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор фуқаролар, хотин-қизлар, ёшлар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизими янада ривожлантирилади;
- саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва бошқа соҳаларда натижаларнинг кескин ўсишига эришилади.
- “Яшил макон” умумиллий ҳаракати доирасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Бажариладиган ҳар бир ишимиз замирида ягона мақсад – халқимиз бугунидан рози бўлиб,
фаровон яшаши ётибди.
Олдимизда турган ушбу улкан мақсадларни
амалга оширишда эса касбига фидойилик билан ёндашадиган, ватанпарвар тумандошларимиз ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишларига, албатта, ишонаман.
Азиз тумандошлар!
Сизларни яна бир бор кириб келаётган
Янги – 2026 йил билан чин қалбимдан табриклайман.
Янги йилда барчангизга янги қувонч,
янги ғалабалар, янги умидлар ушалишини,
шу билан бирга, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахту саодат, файзу барака ва тинчлик-осойишталик тилайман.
2026 йил ҳаётингиздаги энг яхши йиллардан бири сифатида қайд этилишига тилакдошман.
Юртимиз доимо тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Кириб келаётган янги йил барчамизга муборак бўлсин!
